Самарада муҳожирлар ўтирган автобус ҳалокатга учраган

Image caption Полициянинг айтишича, ҳайдовчининг чарчагани йўл ҳаракати ҳодисасини келтириб чиқарган бўлиши мумкин.

Россиянинг Самара вилояти Большечерниговский тумани шоҳ кўчасида 13 октябр ярим тунда юк машинаси ва микроавтобус тўқнашган.

Натижада "Мерседес" юк машинаси ва "Тойота" микроавтобуси пастликка қулаган, газда юрувчи микроавтобус эса ёниб кетган.

Маълумотларга кўра, микроавтобус ичида бўлган 11 та ўзбекистонлик, икки тожикистонлик ва бир озарбайжонлик фуқаро воқеа жойида ҳалок бўлганлар.

Иккала машина ҳайдовчиси ва бир йўловчи касалхонага ётқизилган.

Қарама-қарши йўлга ўтиб кетиб, ҳалокатни содир этган микроавтобус ҳайдовчиси Ўзбекистон фуқароси эканлиги айтилмоқда.

Ҳайдовчининг чарчагани йўл ҳаракати ҳодисасини келтириб чиқарган бўлиши мумкин, деган полиция вакили.

Аниқланишича, микроавтобус ҳайдовчиси илгари ҳам кўп маротаба йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузгани учун жаримага тортилган.

Айбланувчига нисбатан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш туфайли инсонлар ўлимига олиб келгани юзасидан жиноий иш қўзғатилган.