'ТАЛКО РусАлга 275 миллион доллар жарима тўлаши керак'

Швецария маҳкамаси Россиянинг алюминий ишлаб чиқарувчи йирик ширкати РусАлга Тожикистоннинг ТАЛКО алюминий корхонаси 275 миллион доллар жарима тўлаши кераклиги ҳақида ҳукм чиқарди.

ТАЛКО матбуот котиби Би-би-си билан суҳбатда ушбу ҳукмни тасдиқлади, аммо унинг устидан шикоят қилинишини айтди.

Маҳкама ҳукми Тожикистонда президентлик сайловларидан аввал президент Имомали Раҳмон ҳукумати учун зарбадир.

Ишонилишича, Талко Тожикистонда муайян солиқ имтиёзларига эга, ишлатган электр энергияси учун ярим нархини тўлайди ва миллионлаб доллар олган фойдаси офшор ҳудуд ҳисобланган Виржин Оролларидаги ширкатга тушади. Айтилишича бу ширкат мамлакат президентининг куёви Ҳасан Абдуллазодага алоқаси бордир.

Айни вақтда айтилишича, Швецария маҳкамаси РусАл аризасига жавобан ТАЛКО томонидан 400 миллион доллар товон талаби билан берган аризасини инобатга олмаган.

Хабарларда айтилишича, Русалга алоқадор бўлган "Hamer Investing Ltd" ширкати 2003 йили Талкога ҳом ашё етказиб берган, аммо бунинг учун 260 миллион доллар ҳақни олмаган.

2004 йили Россия ва Тожикистон ўртасида эришилган битимга мувофиқ Русал Талко билан ҳамкорлик эвазига "Роғун" электростанциясининг қурилишига ёрдам бериши назарда тутилганди.

Лекин икки томон ўртасида келиб чиққан келишмовчиликлар туфайли Тожикистон бир томонлама равишда ушбу битимни бузганди.

Охирги йиллар мобайнида Талконинг собиқ ҳамкорлари томонидан маҳкама тортилиши ҳолати биринчи маротаба рўй бераётгани йўқ.

2006 йили "Ансол" ширкати билан Британиядаги маҳкамада олиб борилган узоқ тортишувлар маҳкама жараёнлари тарихида энг қимматга тушганларидан бири сифатида кўрилганди.

Ўзбекистон ўз чегараларига яқин ҳудудда жойлашган Талко корхонаси атроф муҳитга катта зарар етказаётгани ҳақида айтиб келади.

2013 йил ёзида Ўзбекистонда ташкил қилинган экология ҳафталиги доирасида Ўзбекистоннинг Лондондаги элчилиги Буюк Британиядаги журналистлар ва тадқиқотчилар учун Тожикистон Алюминий заводининг Ўзбекистон атроф-муҳитига таъсирига бағишланган брифинг мулоқот ташкил қилганди.

Учрашувда Ўзбекистон элчиси Отабек Акбаров Тожикистон Алюминий заводи - ТАЛКОнинг Ўзбекистон экологиясига етказаётган зарари ҳақида яна бир бор огоҳлантирди.

Ўзбекистон жамоатчилиги Ўзбек-Тожик чегарасидаги дунёдаги энг йирик алюминий ишлаб чиқариш корхонасининг инсонлар саломатлиги ва наботот оламига салбий таъсири ҳақида 1990-йиллардан буён огоҳлантириб келади.

Брифингда айтилишича, ТАЛКО атроф-муҳитга чиқараётган саноат чиқиндилари туфайли чегарадош ҳудудларда, яъни Ўзбекистоннинг жанубий Сурхондарё вилоятидаги Сариосиё, Узун, Денов, Олтинсой ва Жарқўрғон туманларида яшайдиган бир миллиондан ортиқ аҳоли зарарли таъсир остида қолиб кетмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ