АҚШ Манас ўрнига Руминия ҳарбий базасидан фойдаланади

Американинг Қирғизистондаги Манас ҳарбий базасидан фойдаланиш муддати 2014 йил июл ойида ниҳоясига етади.

Шу боисдан Афғонистондан ҳарбийларни чиқариш учун Руминия транзит маскани бўлишига келишилди, деб айтган Америка масъул вакили.

Бу келишувга Пентагонда икки томонлама музокаралар чоғида эришилган.

Бу қадам Қўшма Штатларга Манас авиабазаси муддати чўзилмаган тақдирда, парвозларни Руминияга кўчиришга имкон беради.

Руминиянинг Михаил Когалнисеану ҳаво базаси борасидаги келишув АҚШ Мудофаа вазири Чак Хейгел ва Руминия Мудофаа вазири Мирсе Дусалар ўртасидаги учрашувда қабул қилинди.

Пентагон матбуот воизи Жорж Диттлга кўра, жаноб Хайгел бу келишувдан мамнунлигини билдирган ва бу Америка учун муҳимлигини таъкидлаган.

"Бу Халқаро хавфсизлик кучлари таркибидаги Руминиянинг ўз миссиясига содиқлиги ҳамда минтақа ва халқаро хавфсизликни ўйлаб иш тутишига яна бир далилдир",- деб айтган жаноб Хейгел.

Бироқ келишув тафсилотлари аниқ эмас.

Руминия базаси Қора Денгиз бўйидаги Констанца шаҳри яқинида жойлашган.

Руминия базаси масофа жиҳатдан анча узоқ бўлса ҳам, денгизга чиқиш томонидан қулайликка эришилади.

Шу билан бирга Руминия Американинг ракетадан ҳимоя воситаларини ўрнатишга розилик билдирган.

Октябр ойида бошланиши айтилган Ракетадан Ҳимоя тизими 2015 йилда тўлиқ қуриб битказилади.

Оқ Уйга кўра, бу тизим НАТОнинг биргаликдаги хавфсизлик амалларига ёрдам беради.

АҚШнинг бу ҳаракати шубҳасиз Москванинг норозилигини уйғотди.

Манас

Июн ойида Қирғизистон парламенти АҚШнинг Манас базаси ижара муддатини тугатишга қарор берганди.

АҚШ 2001 йилдан буён фойдаланиб келаётган Манас ҳарбий базаси учун ҳар йили Қирғизистонга 60 миллион доллар тўлайди.

Россиянинг ҳам Қирғизистонда ҳаво базаси бўлиб, ўтган йилда Путиннинг Қирғизистонга ташрифидан сўнг ундан фойдаланиш муддатини 15 йилга узайтиришга келишилди.

Вашингтон 2014 йил охиригача Афғонистондан 52 минг аскарини олиб чиқишни мўлжалламоқда.

Америка ҳукумати Афғонистонда 2014 йилдан кейин ҳам кам сонли ҳарбийларини сақлаб қолишни истайди, бу борада расмий Кобул билан музокаралар тугагани йўқ.