Назарбоев: Россия Божхона иттифоқидаги ҳамкорларига тўсиқ қўйяпти

Назарбоев ҳамкори Россияни жиддий танқид қилган
Image caption Назарбоев ҳамкори Россияни жиддий танқид қилган

Президент Назарбоев Қозоғистон ва Беларус Россияга товар сотишда муаммоларга дуч келаётганини билдирган. У Россия таъсирига тушиб қолмаслик учун Туркияни ҳам Божхона иттифоқи таркибига қўшиш таклифини берган.

Минскда ўтаётган Оврўосиё иқтисодий Олий кенгаши йиғилишида гапирган Нурсултон Назарбоев илк бор Божхона иттифоқидаги турли тўсиқлар ҳақида гапирган ва Россияни танқид қилган.

“Қозоғистон махсулотларини ўртамиздаги бозорга сотишда қийинчиликлар сақланиб қолмоқда. Тарифда кўрсатилмаган техник тўсиқлар, кўтарилган санитар ва фитосанитар талаблар, сертификат ва лицензия беришдаги турли чоралардан фойдаланилмоқда. Масалан, Беларусда ишлаб чиқариладиган гўшт ва сут маҳсулотлари. Гоҳида ўтиб бўлмаслиги кўриниб турадиган шароитлар яратилмоқда, давлатларимиз орасидаги санитар сертификатларда кўрсатилмаган меъёрлардан фойдаланилмоқда”, - деган Нурсултон Назарбоев.

Қозоғистон президенти натижада Россияга Беларус ва Қозоғистон махсулот ва товарларини етказишда пасайиш кузатилаётганини таъкидлади.

Назарбоев Божхона иттифоқи доирасида савдо қилишда енгилликлар яратилгани ҳақидаги баёнотларга қарамасдан, турли тўсиқлар бизнес қилишга ҳалақит қилаётганини қайд этди.

Шунингдек, у электроэнергия соҳасидаги ҳамкорликда бир қанча муаммолар борлигини айтди.

“Тегишли ҳужжат хулосасида Қозоғистон билан солиштирилиб Россия энерготизимига боғлиқ махсус режим ишлаб чиқилган эди. Натижада электроэнергия етказиб берувчиларнинг йўли тўсилди. Қозоғистон Россия ҳудуди орқали Беларусга электроэнергия сотолмай қолди”, - деган Назарбоев.

Қозоғистон раҳбари бизнес вакиллари Божхона иттифоқининг Божхона кодексини танқид қилаётганини таъкидлади. Президентга кўра, кодексни либераллаштириш ва божхона жараёнларини максимал даражада енгиллаштириш зарурияти пайдо бўлган.

Нурсултон Назарбоев Россиянинг таъсирига тушиб қолмаслик учун Божхона иттифоқига Туркияни ҳам қўшиб олишни таклиф қилган.

Президентнинг айтишича, хорижга сафар қилганида унга Россия таъсири остида қандайдир СССРга ўхшаш иттифоқ тузаётганлари тўғрисида кўп савол беришади.

“Балки катта давлат бўлган Туркияни қўшиб олармиз ва шу билан бундай гап сўзлар тўхтар. Туркия президенти бизнинг Божхона иттифоқига қўшилиш истаги билан мурожаат қилди. Келинглар Туркияни ҳам қабул қиламиз”, - деган Назарбоев.

Қозоғистондаги мухолифат ва жамоат фаоллари мамлакатнинг Россия бошчилигидаги Божхона иттифоқига қўшилишини танқид остига олиб келади. Уларга кўра Қозоғистон шу йўл билан Россия таъсирига тушиб қолади ва мамлакат ўз сўзини айтишда мустақиллигини йўқотади.