Рамзан Қодиров Жириновскийнинг сўзларидан норози

Image caption Жириновскийнинг айтган сўзлари учун кўп бор жиноий жавобгарликка тортишга уринилган, лекин бунга эришилмаган.

Чеченистон раҳбари ЛДПР раиси Владимир Жириновскийнинг Шимолий Қофқозга таалуқли чиқишини танқид қилиб, унинг миллий низони қўзғайдиган бу сўзлари учун жиноий жавобгарликка тортиш керак, деб айтган.

"Мен бир нарсага тушунмаяпман, нега ўзининг чиқиши билан Россиядаги миллионлаб фуқароларни миллий ва диний жиҳатдан ҳақоратлаши ҳамда миллатлар орасига нифоқ солиши мумкин бўлган сўзлари учун сиёсатчининг жавобгарлиги ҳамкасблари томонидан кўтарилмади", деб ёзади Рамзан Қодиров Инстаграмдаги саҳифасида.

"Россия 1" телеканалининг 24 октябр куни эфирга чиққан "Поединок" кўрсатувида Жириновский Шимолий Қофқозда туғилишни чеклаб, учинчи фарзанд учун жарима солиш кераклигига чақиргани ижтимоий тармоқларда баҳсларга сабаб бўлган.

Кўрсатув Волгограддаги автобус портлаши, охирги пайтда муҳожирлар билан боғлиқ ҳодисалар ва россиялик фуқаронинг ўлдирилиши мавзусига бағишланган.

Шунингдек у Қофқоз ҳудудини тиканли сим билан ўраб, қофқозликларнинг келишини чеклашни таклиф қилади.

Жириновский россияликларга мамлакатдаги барча фожеаларга Шимолий Қофқоз боғлиқ деб уқтирмоқчи, деб таажубланади Қодиров унинг сўзларига муносабат билдираркан.

Жириновскийнинг "Қофқозда туғилиш сонини камайтириш жиноятчиларни камайишига олиб келади", дегани ҳам Рамзанни ғазаблантиради.

Кодиров Жириновский таклиф қилган усулни "фашистларча" дейди ва шундай масъулиятсиз одамга қандай қилиб муҳим давлат ишлари ишонилишига тушунмаслигини айтади.

Бундан олдин "Яблоко" партияси раҳбари Сергей Митрохин ҳам Жириновскийнинг сўзларига қарши чиққан эди.

Митрохин Либераллар раҳбари Жириновскийга нисбатан Жиноят кодексининг "Душманлик ва низо қўзғатиш" моддаси бўйича жиноий иш очишни талаб қилган эди.

Жаноб Жириновскийнинг ўзи яқинда айтган сўзларида ҳеч қандай "жиноятчилик унсурларини кўрмаган".

"Мени экстремизмда айблаш бориб турган аҳмоқлик", деб айтган у ўзининг танқидчиларига.

"Бизда сўз эркинлиги бор, инсон воқеаларга ўзининг қарашлари ва баҳосини беришга тўла ҳақли, деган Жириновский жаноблари.- Менинг таклифимга ўхшаган чоралар жаҳон тажрибасида ҳам қўлланилади. Ва бунинг учун қидирувчиларга чопиш ҳеч ҳам керак эмас", деб қўшимча қилади у.

Айни пайтда Чеченистон парламенти Жириновскийни миллатчиликка оид чиқиши учун жиноий жавобгарликка тортишни кўриб чиқмоқчи.

Владимир Жириновский ўзининг "одоб доираларига тўғри келмайдиган" чиқишлари ва луқмалари билан аввалдан машҳур.

Бундан олдин у Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонни ҳам танқид қилган, хорижий кучлар Афғонистондан чиқиб кетгач, мужоҳидлар Нажибулло каби уни ҳам осишади, деб айтган эди.

Ўзини рус миллати ҳимоячиси деб атайдиган Жириновскийнинг бунга ўхшаган сўзлари учун кўп бор жиноий жавобгарликка тортишга уринилган, лекин бу ҳали ҳеч кимнинг қўлидан келмаган.

Бу мавзуда батафсилроқ