Ўш шаҳри маданий пойтахтлардан бири деб эълон қилинди

Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги вазирлар кенгашининг Москвада ўтган йиғилишида Қирғизистоннинг Ўш шаҳрини МДҲ маданий пойтахтларидан бири, деб эълон қилинди.

Бироқ 2010 йилда содир бўлган этник зўравонликлар Ўш шаҳрининг маданий ва тарихий қиёфасига ҳам таъсир кўрсатмай қолмаган.

Зўравонликлар пайти Ўзбекларга қарашли минглаб уйларга ўт қўйилиши билан бирга, уларнинг маданий бинолари, жумладан Ўзбек театри ҳам катта зарар кўрган эди.

Куни кеча Ўш шаҳридаги Бобур номли Ўзбек мусиқа-драма театри ва Султон Ибраимов номли Қирғиз драма театри овоз кучайтирадиган янги ускунага эга бўлди.

Япониянинг Қирғизистондаги элчихонаси билдиришича, Япония ҳукумати мазкур икки театрни тахминан 190 минг АҚШ доллари миқдоридаги овоз кучайтирадиган ускуна билан таъминлаган.

Ушбу асбоб-ускуналарни театр жамоаларига Япониянинг Қирғизистондаги элчиси Син Маруо топширди.

"Бундан уч йил олдин, июн ойида икки театр хам барбод қилинган. Энди эса биз сизларни овоз кучайтирадиган ускуна билан таъминлай оламиз. Мен умидворманки, келажакда қирғизлар билан ўзбеклар тинч ва тотувликда бирга яшайди", - деб билдирди жаноб Син Маруо.

Япония элчихонаси билан бирга шу кунлардаги тадбирларни Оврупода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти, Ўш шаҳри ва вилояти ҳокимиятлари, "ИРЭТ" ижтимоий жамғармаси ҳамда бир қатор нодавлат ташкилотлар уюштирган.

Эътиборли жиҳати, икки театрда хам спектаклларни профессионал актёрлар эмас, худди ўша "ИРЭТ" ижтимоий жамғармаси аъзолари бўлган ўзбек ва қиргиз миллатига мансуб театр ҳаваскорлари ижро этишган.

"ИРЭТ" нодавлат ташкилоти раҳбари Дилбар Мамаюсупова айтишича, икки миллат ёшлари июн воқеаларида руҳий томондан хам дарз кетган жамиятни худди шундай усул билан бирлаштиришга қарор қилганлар.

Image caption 2010 йил июн воқеаларидан кейин икки халқни биродарлигига жиддий дарз кетди.

Мазкур нодавлат бирлашма аъзолари ўзларини "Ынтымак жарчылары" ( "Иттифоклик даракчилари") дея аташади.

Ўшдаги Бобур номли Ўзбек драма театри раҳбари ва таниқли маданий фаол Бахтиёр Тўхтаматов билдиришича, келгуси йилга қадар Мустакил Давлатлар Хамдўстлигининг маданий пойтахтларидан бири сифатида эълон килинган Ўш шаҳри ҳакикатан шу макомга мос келиши учун барча асослар бор.

Ўш шахрида қадимдан барча меҳмонлар диққатини ўзига тортган мукаддас ёдгорлик жойлашган. Бу - "Тахти-Сулаймон", яъни "Сулаймон-Тоғи" дея номланган машҳур тарихий-музей комплексидир.

Бу ўтмиш эсдалигининг директори Хайрулла Убайдуллаев билдиришича, Ўш шаҳри МДХ маданий пойтахти бўлишга, барча маҳаллий аҳоли фахрланадиган мақомга янада мос келиши учун ҳаракат қилинмоқда.

"2010 йилнинг июнь вокеаларидан сўнг Ўшга келадиган сайёхлар сони кескин равишда пасайиб кетди. 2011 йилдан эса сайёхатчилар яна кўпая бошлади. Масалан, ўтган йилда бизга тахминан 90 минг сайёҳ келган бўлса, жорий йилнинг факат тўккиз ойида шунча инсон ташриф буюрди. Улардан уч мингдан кўпроғи хорижликлардир. Улар бу ерга келиб, ҳавас қиладиган кўп нарсаларимиз бор. Масалан, тош давридан бошлаб шу кунга қадар бой тарихимиз гувоҳи бўлган экспозиция тайёрлаганмиз. Хеч қаерда намунаси йўк қадимий унгурлар тизими музейга айланган", деб айтади Хайрулла Убайдуллаев.

Маълум вокеалардан уч йил ўтиб, Ўшдаги Қирғиз драма театрида илк бор Ўзбек ижодкорларининг қўшиқлари янгради.