Тожик мигрантининг хулқи шов шувга сабаб бўлди

Каримов омонат эгасини бир ой кутган

Россияда мигрантларга қарши кампания давом этаётган бир вақтда тожикистонлик муҳожирнинг ҳаракати ижтимоий тармоқларда шов шувга сабаб бўлган. Москва шаҳрида автомобилга ёнилғи қуйиш шаҳобчаларида ишлайдиган Захар Каримов бехосдан тушиб қолган минг рублнинг соҳибини бир ой кутган ва қайтариб берган.

Фэйсбук фойлаланувчиси Станислав Кучернинг статусига ёзилган бир мигрант ҳақидаги ҳикояга 4 мингга яқин ўқувчи томонидан лайк босилган, яъни хуш қарши олинган, қарийб 600 марта кўчириб босилган.

Станиславнинг ҳикоя қилишича, Москвадаги АЁҚШларнинг биридан бензин олиб, пулини тўлаб машинасига қайтаётганда, ушбу шаҳобчада ишлайдиган Марказий осиёлик ёш йигит қаршисидан чиққан ва жилмайганча рус тилида гапирган.

“Мен сизни бир ойдан кўп кутдим! Энди келмайди дея қўрқандим...”, - деган ҳалиги йигит.

Маълум бўлишича, ушбу учрашувдан бир ойча олдин мижоз машинасига бензин қуйиб минг рубль (тахминан 32 доллар) тушириб қолдиради. АЁҚШ ходими унга пули тушиб қолганини айтганда, йўқ меники эмас дея кетиб қолади.

Тожикистонлик меҳнат муҳожири шаҳобчага ўрнатилган видео камераларни кўриб чиқади ва пул сўнгги мижозининг чўнтагидан тушиб қолганига амин бўлади. Омонатни эгасига топшириш учун 1 ойдан кўпроқ кутади.

“У узоқ вақт миннатдорчилик сифатида бермоқчи бўлган 200 рублимни олмади. Мен унга чой пули ҳақида деярли лекция ўқидим ва келаси хизматлари учун аванс сифатида эканлигини айтиб зўрға бердим”, - дейди Станислав Кучер.

Марказий нашрлардан тортиб,маҳаллий матбуотгача мигрантлар ҳақида салбий ахборотларга тўлдирилаётган бир вақтда Станиславнинг ушбу ҳикояси ижтимоий тармоқда шов шувга сабаб бўлган.

Муаллифнинг ёзишича, изоҳ қолдирганларнинг 10 фоизга яқини ушбу ҳикояга умуман ишонмаган ёки мигрантлар ҳақидаги салбий фактларни келтирган. Сўзининг ростлиги тасдиқлатиш учун у эртаси куни яна ўша АЁҚШга боради ва савобли иш қилган мигрантни суратга олиб унинг исми шарифини билиб келади.

Захар Каримов Москвадаги икки АЁҚШда ишлайди ва Тожикистондан келган.

Изоҳ қолдирувчилар икки гуруҳга бўлинган дейиш мумкин. Айрим фойдаланувчилар нима учун бу каби яккам дуккам ижобий ҳолатлар бутун мигрантлар ҳақида таъсуротни ўзгартириши керак деган.

“Нимага баҳслашаётганимизни тушунмаяпман. Мен ушбу тожик Захар Каримов – яхши инсон эканлигига ишонаман. У ва унга ўхшаганларда Россияда нормал миграцион сиёсат юритилса виза олиш ва ишга жойлашишда муаммо туғилмайди. Улардан бири сизга минг рублни қайтарса чегаралар ва назоратнинг йўқлиги англатмайди ва бошқаларга жиноят содир этиб, жазосиз қолишни англатмайди”, - дейди Алексей Абанин.

“Ҳовлимиздаги ертўлада тинчгина қирғиз фаррошлари яшарди. Аммо эрталаблари ухлатишмасди. Соат олтидан бошлаб қитирлатиб супиришарди. Ишга кетаётганингда ҳамма ёқ топ тоза бўларди. Савол, нима учун уларнинг борлиги мени асабийлаштири керак”, - дейди Посторонним В. Номи остидаги фойдаланувчи.

Россияда сўнгги вақтларда ҳукумат куч ишлатар тизимлари томонидан мигрантларга қарши рейдлар авж олган. Миллатчи руҳдаги ёшлар эса “Россия руслар учун” шиори остида ўзга миллат вакилларидан шаҳарларни тозалашга қаратилган амалиётларни кучайтирмоқда.

Инсон ҳуқулари ҳимоячилари маҳаллий ва марказий нашрларни мигрантларнинг салбий бўёқда кўрсатиш кампаниясини олиб бораётганликда айблайди.

Мигрантлар томонидан содир этилган жиноятлар расмий маълумотларга кўра қолган жиноятлар билан солишгтирганда озчиликни ташкил қилсада, матбуот мигрантларнинг жинояти ҳақидаги хабарлар билан тўлиб тошгани айтилади.