Президент Имомали Раҳмон: 'Ўқув юртларига машинада келманг'

Президентлик сайловлари арафасида Тожикистон раҳбари талабаларга яна бир бор ўқув юртларига машинада келмасликларини буюрган.

Мухбирларга кўра, президент Имомали Раҳмон ҳозир мамлакатда кўпчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлаётган ушбу мавзудан ҳам фойдаланиб қолаётган бўлиши мумкин.

Аён бўлишича, юқори мартабали амалдорлар фарзандларининг иштирокидаги автоҳалокатлар ва бу ишларнинг қандай якун топаётгани сўнгги пайтларда оммавий-ахборот воситаларида энг қизғин муҳокама этилаётган мавзулардан бирига айланган.

Бошқа томондан, одамлардаги ижтимоий адолатсизлик ҳиссини пасайтириш учун ҳам президент бир йилнинг ўзида кетма-кет икки бор бу каби буйруқни бераётган бўлиши мумкин, дейди Душанбедаги мухбиримиз Мардон Муҳаммад.

Маълумки, Тожикистон нафақат минтақа, балки дунёда ҳам энг қашшоқ давлатлар сирасига киради.

Мамлакат ўз мустақиллигини қўлга киритган ўтган чорак аср вақт давомида бу ерда ҳам ижтимоий табақалашув чуқур илдиз отган.

Бойлари бир сиқим бўлган пайтда, мамлакат аҳолисининг аксарияти камбағалликда ҳаёт кечиради.

Тожикистон меҳнатга яроқли аҳолисининг ярмидан кўпроғининг турмуши меҳнат муҳожирлиги орқасидан ўтади.

Кимнинг чўнтаги нимани кўтаради?

Агар, Жаҳон Банкининг бундан икки йил аввалги расмий маълумотларига таянилса, Тожикистонда ҳар 1.000 киши бошига 29 та машина тўғри келган.

Дейлик, Тожикистонда ҳозир энг минимал иш ҳаққи 50 АҚШ доллари атрофида.

Аммо исталган хорижий русумдагиси қалашиб ётган Тожикистон бозорларида энг қиммат машина 100.000 АҚШ долларигача боради.

Бир неча ўн минг долларлик машиналарни эса, бугун Тожикистонда ҳукумат амалдорлари, уларнинг фарзандлари ва йирик бизнесменлар ўзларига эп кўришади.

Сўнгги пайтларда Тожикистонда айнан ҳукумат амалдорларининг фарзандлари томонидан содир этилаётган жиддий автоҳалокатлар сони ортгани кузатилади.

Мухбиримизга кўра, худди шу ҳолат ота-оналарнинг турли чиқишларига сабаб бўлиб, оммавий-ахборот воситаларида кенг муҳокама этилаётгани боис ҳам президентнинг буйруғига талабалар кескин муносабат билдиришмаган.

Аммо, агар буйруққа итоат этишмаса, катта миқдорда жаримага тортилишлари ва иш, ҳатто, ўқишдан ҳайдалишларигача ҳам бориб етиши мумкин экан.

Тожикистон ўқув даргоҳларида, бундан ташқари, мобил телефонлар, дабдабали зиёфатлар, очиқ либослар ва қимматбаҳо тақинчоқларда келиш ҳам ман этилган.

Қўшни Туркманистонда эса, худди шунга ўхшаш тақиқ 2007 йилда кучга кирганди.

Бундан мақсад - жиноятчилик ва тенгсизликнинг олдини олиш эканини айтилганди.

"Хроника Туркменистана" интернет нашри эса, ҳатто, айрим талабалардан ё машинада келишни бас қилиш ва ё ўқишдан ҳайдалишга рози бўлишлари хусусида тилхат ёздириб олинаётгани ҳақида ҳам хабар берганди.