Тожикистонда президентлик сайловлари бўлиб ўтди

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бугун, Тожикистонда президентлик сайловлари ўтаётган 6 ноябр чоршанбада қатор интернет нашрлари ва YouTube видео тармоғига тўсиқ қўйилгани айтилмоқда.

Марказий Сайлов Комиссияси хабар беришича, сайлов масканлари очилган дастлабки соатлардаёқ сайловчиларнинг 40 фоизи овоз бериб бўлган.

Кузатувчиларга кўра, бундай бўлиши мумкин эмас.

Мустақил Сайлов Комиссияси эрталабки 10 гача 1,7 миллион сайловчи иштирок этганини маълум қилди.

"Сайловлар ҳамма ҳуқуқий меъёрлар асосида ўтмоқда. Ҳозирча Мустақил Сайлов Комиссиясига қонунбузарликлар ҳақида бирорта ҳам шикоят тушгани йўқ. Сайловчиларнинг ўта фаоллиги кузатилмоқда", - деб айтган Тожикистон комиссия раиси Шермуҳаммад Шоҳиён.

Мухолифат вакиллари расмий маълумотларнинг ҳақиқийлигига шубҳа билдиришмоқда.

Кузатувчиларнинг фикрича, Тожикистондаги президентлик сайловларидан "сюрприз" кутмаса ҳам бўлади.

20 йилдан ортиқ Тожикистонни бошқараётган жаноб Раҳмоннинг 2006 йилдаги сайловда 79 фоиз овоз тўплагани хабар қилинган, бу йилги сайловда эса у фаол кампания юритмаган.

Аксинча, у мамлакатнинг турли ҳудудларига сафарлар уюштирган, Тожикистон матбуоти эса бу ишчи сафарларини жуда кенг ёритган.

Буни эса Президент Раҳмон мухолифлари бир ёқламалик деб танқид қилганлар.

Пойтахт ва бошқа шаҳарларда катта-катта суратлари осилган жаноб Раҳмонни Тожикистонда шахсга сиғинишни пайдо қилишда ҳам айблашмоқда, унинг ўзи бу айбловларни рад этади.

Амалдаги Президент Имомали Раҳмон сайловларда ғолиб чиқишига шубҳа қилинмаяпти.

Бу мавзуда батафсилроқ