Тожикистон: Имомали Раҳмон тўртинчи бор президент этиб сайланди

Имомали Раҳмоннинг ғалабасига шубҳа қилинмаган
Image caption Имомали Раҳмоннинг ғалабасига шубҳа қилинмаган

Тожикистон Марказий сайлов комиссияси чоршанба куни ўтган сайловларнинг дастлабки натижаларини эълон қилди. Кутилганидек амалдаги президент Имомали Раҳмон ишончли тарзда ғалаба қозонди. Расмий маълумотларга кўра, Раҳмон жанобларига 83,6 % сайловчи ёки 3 миллион 200 минг одам овоз берган.

Президентлик сайловларида беш фоизлик тўсиқни енгиб ўтган ва МСК томонидан расман рўйхатга олинган яна беш номзод иштирок этган.

Иқтисодий ислоҳатлар партиясидан Олимжон Бобоев 3,8%, Ижтимоий партия раиси Абдуҳалим Ғаффоров 1,5%, Тожикистон демократларини номидан Саиджафар Исмонов 1%, коммунист Исмоил Талбаков 5% ва Қишлоқ хўжалиги партиясидан Толибек Бухориев 4,5% овоз олган.

МСК президентлик сайловлари ўтди, дейиш мумкинлигини билдирган. Конституция бўйича президент 7 йилга сайланади.

Марказий Сайлов комиссияси сайловлар жиддий қонунбузарликларсиз ўтганини айтди. Комиссия маълумотларига кўра сайловда 3 миллион 600 минг одам ёки мамлакатдаги сайловчиларнинг 86% қатнашган.

20 йилдан ортиқ Тожикистонни бошқараётган жаноб Раҳмоннинг 2006 йилдаги сайловда 79 фоиз овоз тўплагани хабар қилинган, бу йилги сайловда эса у фаол кампания юритмаган.

Аксинча, у мамлакатнинг турли ҳудудларига сафарлар уюштирган, Тожикистон матбуоти эса бу ишчи сафарларини жуда кенг ёритган.

Буни эса Президент Раҳмон мухолифлари бир ёқламалик деб танқид қилганлар.

Пойтахт ва бошқа шаҳарларда катта-катта суратлари осилган жаноб Раҳмонни Тожикистонда шахсга сиғинишни пайдо қилишда ҳам айблашмоқда, унинг ўзи бу айбловларни рад этади.

Амалдаги Президент Имомали Раҳмон тўртинчи марта сайловларда ғолиб чиқди.

Бу мавзуда батафсилроқ