Қозоғистонда нефт ортилган 10 вагон ёниб кетган

Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида ёнилғи ортилган юк автомобилининг тепловоз билан тўқнашиши оқибатида ёнғин келиб чиққан, бир инсон нобуд бўлган, 10 цистерна ёниб кетган.

Ҳодиса 16 ноябр куни маҳаллий вақт билан соат 1 ларда Манғистау-5 посёлкаси яқинида рўй берган.

"Казахстан темир жолы" ширкатидан хабар қилишларича, 18 та нефт цистернаси уланган поезд яқинлашаётган пайтда темир йўл ва автомобил йўли кесишган жойдаги светофорнинг қизил чироғи ёнган.

Қизил чироққа тўхтаган MAN русумидаги бензовоз ҳайдовчиси бироз кутган, лекин поезд яқинлашган пайтда нима учундир яна ҳаракатланишни бошлаган.

Бензовоз ва локомотивнинг тўқнашувидан ёнғин келиб чиққан.

Локомотив ҳайдовчисининг ёрдамчиси шу жойда ҳалок бўлган, ҳайдовчининг ўзи бадани куйиш жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Юк автомобили ҳайдовчисининг эса ҳодиса жойидан қочиб кетгани, бироқ тезда қўлга олингани хабар қилинмоқда.

Барча цистерналар темир йўл изидан чиқиб кетган, 10 таси ёнган.

Ёнғинни тўрт соатлардан кейин ўчиришга муваффақ бўлинган.

"Казахстан темир жолы" ширкати хабар қилишича, ушбу ҳодиса оқибатида олтита юк ва иккита йўловчи поездининг ҳаракати тўхтатилган.

Бу мавзуда батафсилроқ