Қозоғистон: Бозори ёнган тужжорлар норозилик намойишига чиқди

Ёнғин тутуни шаҳар марказидан кўриниб турган
Image caption Ёнғин тутуни шаҳар марказидан кўриниб турган

Олма ота шаҳрида якшанба тонгида ёниб кетган бозор савдогарлари намойишга чиққан ва йўлни тўсиб қўйишга ҳаракат қилган. Улар шаҳар ҳокими билан учрашув ўтказишни талаб қилди. Бироқ воқеа жойига етиб келган полиция ходимларни тужжорларни йўл четига чиқариб қўйди.

Олма ота шаҳар ҳокимининг ўринбосари Юрий Ильин моли куйганларни ваҳима қилмасликка чақирган. Жабрланувчиларга “қизил чизиқ”дан нариги томонда савдо жойи таклиф қилинишини билдирган. Бундан ташқари тужжорлар ҳокимиятга банкдан олган кредит муддатини чўздириш бўйича мурожаат қилишлари мумкинлиги айтилган.

17 ноябр куни тонгги соат 6:00 да Олма ота шаҳри четидаги Барахолка номли бозорлар мажмуасининг 3 бозорида ёнғин келиб чиққан. Ома ота шаҳар фавқулотда ҳолатлар департаменти ёнғин майдони 3 минг 800 квадрат метрдан кўп бўлгани ва шаҳардаги энг йирик ёнғинлар тоифасига кирганини таъкидлаган.

Расмий маълумотларга кўра ёнғин натижасида ҳалок бўлганлар йўқ. Бир киши жароҳатланган.

Ёнғинни ўчиришда 300 дан ортиқ ходим ва 41 та техника иштирок этган. Иккита тик учар кечгача 76 маротаба осмондан 3 тонналик идишда сув сепган. Ёнғин маркази соат 11:08 келиб жиловланган. Орадан 18 соат ўтиб ўт буткул сўндирилган.

Ёнғин келиб чиқиши ортидан у ерга етиб келган полиция атрофни ўраб олган. Маҳаллий журналистлар олган видеода тужжорларнинг бозор ичига киритилмаётганини кўриш мумкин.

Ёнғин натижасида жиноий иш очилган. Шунингдек бозорнинг масъул шахсларига нисбатан ҳам жиноий иш очилгани маълум қилинган.

Олма ота шаҳар полицияси ёнғин давомида 6 кишини қўлга олганини билдирган. Улар бозордаги тартибсизликдан фойдаланиб талончилик қилишда айбланмоқда. Шулардан иккитаси бозорда мардикорчилик қилган Ўзбекистон фуқаролари эканлиги айтилмоқда.

Қўлга олинларга нисбатан “Бегонининг молини ўғирлаш” банди бўйича жиноий иш очилган.

Бозорлардаги ёнғиндан ким манфаатдор?

Барахолкадаги ҳодиса куз мавсуми ичида рўй берган иккинчи йирик ёнғиндир. Сентябр ойида рўй берган ёнғинда ҳам 3 бозорни ўт олган ва тужжорларнинг топган тутгани ёниб кетган эди.

Ёнғиндан жабр кўрганлар ўша вақти ҳам йўлни тўсиб қўйишга ва ҳокимиятдан товон пули ундиришга ҳаракат қилган. Бироқ Олма ота шаҳар ҳокимияти бозор ноқонуний фаолият юритганини таъкидлаган.

Барахолка ҳудудида савдо қилувчи тужжорлар тез тез норозилик намойиши ўтказиб туради.

Шаҳар ҳокимиятининг режаси бўйича 2014 йилнинг январ ойидан бошлаб бу ердаги 4 бозор йўқ қилиниши керак. Ҳокимият уларни белгиланган “қизил чизиқ”дан берига бозор қуришда айбламоқда ва ушбу ҳудуддан катта йўл тушиши кераклиги боис тужжорларни бозорни тарк этишга чақирмоқда.

Тужжорлар эса ҳокимиятдан бошқа жой топиб мослашиб олиш учун 2 йил муддат сўраган. Таклиф қилинган 10 минг долларлик янги савдо нуқталарининг жуда қимматлигини билдиришган. Бироқ ҳокимият савдогарларнинг ушбу талабларига қулоқ солмаган.

Кузатувчилар бозор ҳудудида қисқа вақтнинг ичида келиб чиққан ёнғинлар тужжорларни бу ердан ҳайдаш учун мақсадли равишда содир этилганини тахмин қилишади.

Ҳукуматнинг охирги қарорига кўра, Олма Отадаги 75 бозордан 35таси йўқ қилиниши керак. Уларнинг ўрнига савдо кўнгилочар мажмуаларини қуриш кўзда тутилган. Қолган 40таси эса қайта таъмирланиши лозим.

Расмий маълумотга кўра, Олма Ота бозорларида 25 минг тужжор ишлайди. Аммо, норасмий ҳисобларга кўра, бу сон анча каттароқ.