Президент Назарбоевга оммавий тарзда севги изҳор қилинади

Назарбоев Қозоғистонни Шўролар иттифоқи давридан бери бошқаради
Image caption Назарбоев Қозоғистонни Шўролар иттифоқи давридан бери бошқаради

Остона шаҳридаги университет талабалари Элбошига ўз муҳаббатларини ана шу тарзда билдирмоқчи. 3 минг одам бир вақтнинг ўзида президент Назарбоевга севги изҳор қилади.

Остонадаги Қозоғистон гуманитар-юридик университети мана шундай ташаббус билан чиқди. Университет маъмурияти ушбу акция ихтиёрий равишда ўтказилаётганини билдирди ва бу Элбошига сюрприз бўлгани учун қандай амалга оширилишини сир сақлашмоқда.

Тадбир “Биринчи президент куни” муносабати билан Остонада ўтказилади.

“Ушбу акцияда янгилик сақланиб қолиши ва интригани ушлаб қолиш учун қандай кўринишда ўтишини ошкор қилмаяпмиз”, - дейди акция ташкилотчиси бўлмиш Қозоғистон гуманитар-юридик университет матбуот котиби Руслан Раҳимжанов.

Матбуот котибининг маълум қилишича тадбир 28 ноябр куни соат 11:00 да университетнинг майдонида бўлиб ўтади, унда 3 минг одам қатнашади.

Акция 10-15 дақиқа давом этиши кутилмоқда ва ташкилотчилар у танаффусда ташкиллаштирилгани боис ўқув жараёнига таъсир қилмаслигини айтилмоқда.

Шахсга сиғиниш кучаймоқдами?

Ушбу ташаббус ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган.

Image caption Элбошига атаб ҳайкаллар солинган

“Қозоғистонда қандай маразм содир бўлмоқда. Наҳотки унинг ўзи бу нарса сиртдан кулгили ва ёввойи кўринишини тушунмаса”, -деб ёзади Жанар Қасимбекова.

“Либерти” жамоатчилик жамғармаси президенти Галим Агелеуов бундай амаллар шахсга сиғинишнинг кучайётганидан дарак беришини айтади.

“Бу шахсга сиғинишнинг кучайётганига ўхшайди. Маъмурий ресурслар бу каби хўжакўрсин амалларни бажариш учун талабаларни мажбурламоқда. Бу ҳолатни Шимолий Кореяда лидери ўлганда йиғламаганларни жазолашга ўхшатиш мумкин”, - дейди Галим Агелеуов.

Блоггер, талабалар ҳаётидаги чиқишлари билан машҳур жамоат фаоли Ринат Қибраев олийгоҳ мутасаддилари томонидан ижтимоий фаоллик борасида икки ҳил сиёсат олиб борилаётганига эътибор қаратади.

“Олийгоҳларнинг раҳбариятлари тез тез уларнинг ўқув юртлари сиёсатдан ҳоли эканлигини таъкидлашади. Ўқув юртларида раҳбариятдан мустақил равишда бирор тадбир ташкил қилинадиган бўлса, улар ўзларининг ҳар қандай партия ва кучлардан мустақил эканликларини урғулашади”, - дейди Ринат Қибраев.

Блоггерга кўра мамлакатдаги ҳукмрон “Нур Отан” партияси ёки президент Накзарбоевга муҳаббат изҳор қилиш керак бўлиб қолганда раҳбарият сиёсатга аралашмаслик кераклиги ҳақидаги гапларини унутади.

Нурсултон Назарбоевга севги изоҳор қилиш акцияси ташаббускори Қозоғистон гуманитар-юридик университети ушбу тадбир ихтиёрий амалга оширилаётганини ва унга ҳеч ким мажбурланмаётганини таъкидламоқда.

“Бу нарса ихтиёрий, биз бунга ўхшаш тадбирларни ҳар йили ўтказиб келамиз. Ўтган йили “Биринчи президент куни”га бағишлаб мажмуавий тадбирлар ташкил қилганмиз. Унга давра суҳбатларидан тортиб, спорт мусобақаларигача киради”, - дейди университетнинг Маркетинг бўлимидан Алишер.

Блоггер Ринат Қибраев университетларда талабаларни бирор ишни қилишга мажбурлаш одатий ҳол эканлигини ва бу нарсани кўп маротаба бошидан ўтказганини айтади.

“Талабаларни шункачи зўрлашган. Ҳеч ким ўз ихтиёри билан бунақа акцияларда иштирок этмайди. Балки ҳамма нарсадан мамнун 20-30 нафар фаол бўлиши мумкин, аммо минглаб одамларнинг кўчага чиқиб мен Назарбоевни севаман дейиши бўлмаган гап”, - дейди Ринат Қибраев.

Қозоғистонни Шўролар Иттифоқи давридан буён бошқариб келаётган 72 ёшли Президент Нурсултон Назарбоевни мамлакатда шахсга сиғинишни юзага келтирганликда айблашади.

Элбоши ҳақидаги қонунга кўра, Қозоғистон Элбошиси маҳкама ёки бошқа жавобгарлик дахлсизлиги билан таъминланган, нафақат Элбоши шахсига, балки унга қарашли мол-мулкка ҳам тегиш мумкин эмас.

Икки йил олдин Олма-Ота шаҳрида Президент Нурсултон Назарбоевга қўйилган ҳайкал очилганди.

Бунгача Остона шаҳридаги "Қозоқ эли" ёдгорлик мажмуасида ҳам Назарбоевнинг акси нақшланган. Унинг номида дунёдаги энг қиммат университет ҳам пойтахтда очилган ва бир неча истироҳат боғи мамлакат биринчи президенти шарафига аталган.