Ўшда Келдибеков тарафдорлари намойиш ўтказишди

Ўш шаҳрининг марказий майдонида йиғилган одамлар депутат Аҳмадбек Келдибековни озод қилишни талаб қилганлар.

Айрим намойишчилар Ўш вилояти ҳокимлиги биносини босиб олишга уринганлар. Ҳуқуқ-тартибот органлари бунинг олди олинганини хабар қилган.

Хабарларга кўра, вилоят ҳокимлиги биноси олдидаги 200 га яқин норози оломон хавфсизлик кучларига қарата тошлар отганлар.

Намойишчиларнинг баъзилари одамларни бузғунчи чақириқларга эргашмасликка чақирган. Намойишларда отлиқлар ҳам бўлган.

Шунингдек Ўзгандан отларда келган бир гуруҳ ёшларни Ўш чегара масканларида ушлаб қолишган.

Тўпланганлар олдига ҳокимият вакиллари чиқиб, ўзларида Аҳматбек Келдибековни озод қилиб юбориш ваколати йўқлигини билдирган.

Олдинроқ марказий майдондаги Келдибековнинг минглаб тарафдорлари билан Ўш ҳокими Мелис Мирзакматов гаплашган.

Намойишчилар вилоят ҳокимлиги олдида тушгача кутишларини, бу вақт ичида Аҳматбек Келдибеков озод қилинмаса, бошқа чоралар кўришларини айтишган.

Улар шунингдек, Бош вазир Жанторо Сотиболдиев ўзлари билан музокара ўтказишини ва вилоят ҳокими Соронбой Жонбековнинг истеъфосини талаб қилишган.

Бишкекдаги Би-би-си мухбири Тўлқинбек Турдибоевнинг айтишича, бугун Бишкекда ўтган маҳкама Аҳматбек Келдибековни яна икки ой муддатга ҳибсда қолдиришга қарор қилган.

Мухбиримизга кўра, намойишларда қатнашиш учун Келдибековнинг қишлоқдошлари Алайдан етиб келганлар.

"Ата Журт" партияси вакили Ахматбек Келдибеков 20 ноябрда ҳибсга олинган. Унга қарши порахўрлик ва ўз хизмат вазифасини суистеъмол қилиш бўйича жиноий иш очилган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ