Қозоғистонликлар янги йилга тайёргарлик эрта бошланиб кетганидан норози

Арчалар бир ой олдин безатилган
Image caption Арчалар бир ой олдин безатилган

Қозоғистондаги жамоат фаоллари мамлакатда янги йилга тайёргарлик эрта бошланиб юборганидан норози бўлмоқда. Бир ой олдин вилоят ва шаҳар марказларининг янги йилга атаб безатилиши 16 декабрга нисбатан ҳурматсизлик дея баҳоланмоқда.

“10 кундан кейин ҳар қандай давлат учун асосий байрам бўлган – Мустақиллик куни, қонга беланган Желтўқсан ва Жанаўзен бўла туриб уларга аҳамият бермасликка урғу берилаяпти. Агар осмондан бўрон келиб ушбу бемаврид ва ўринсиз ўрнатилган арчаларни супириб кетса, ажабланарли бўлмасди”, - деб ёзади сиёсатчи Мухтар Тайжан ўз саҳифасида.

Тайжаннинг ушбу фикрига 325 одам лайк босган.

Қозоғистонда янги йил байрамига тайёргарлик 1 декабрдан бошлаб юборилган. Айнан мана шу куни шаҳар ва вилоят марказларида бош арча ўрнатилди ва чироқлари ёқилди.

Давлат ва бюджет ташкилотларига эса 15 ноябрга қадар кўчага қараган биноларни мос равишда безаш топшириғи юкланди.

Янги йилга тайёргарлик бемаврид бошлангани тўғрисидаги фикрларни бошқалар ҳам билдирган.

“Кўчалардаги турли безаклар, арчалар ростдан ҳам янги йил кайфиятини беради, Мустақиллик куни эса унинг соясида қолиб кетади. 16 декабр мамлакатимиз учун энг аҳамиятли кун. Биз унга шундай маъно беришимиз керакки, келажак авлод ушбу куннинг тарихини билсин ва қадрласин. Декабрнинг қолган 14 куни янги йилни ҳис қилишга ва уни олий даражада ўтказишга етарли,” – деган Муссин Едил.

16 декабрь Қозоғистонда Желтўқсон номи билан машҳур кун ҳисобланади. 1986 йилнинг мана шу кунида ўша вақтдаги пойтахт Олма ота шаҳрида ёшларнинг намойиши бўлиб ўтганди.

Намойишчилар Собиқ Иттифоқ Марказқўм Бош котиби Михаил Горбачевнинг Қозоғистон Коммунистик партияси бош котиби Динмуҳаммад Қўнаевни ишдан олиб унинг ўрнига Қозоғистонда умуман ишламаган Геннадий Колбинни тайинлашидан норози бўлган.

Ҳукумат кучлари ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашувлар қурбонлар берилган.

Ушбу кун Қозоғистонда мустақиллик учун ташланган илк қадам деб кўрилиб Мустақиллик куни сифатида нишонланади.

Амма айнан шу кунда мустақил Қозоғистон тарихида яна бир қонли воқеа бўлдики ушбу сананинг аҳамияти янада кўтарилди.

2011 йили Қозоғистон ғарбидаги Жанаўзен шаҳри нефтчиларининг 7 ойлик бесамар норозилик акцияси 16 декабр куни қонли тўқнашувларга айланиб кетди.

Намойишчилар етти ойдан бери турган майдоннинг марказига ўтовлар тикилиб, арча безатилиб Мустақиллик куни нишонланаётган бир маҳалда тўқнашув содир бўлди.

Ҳукумат кучлари ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашувда 15 киши ҳалок бўлди ва 100 дан ортиқ одам жароҳатланди.

Жамоат фаоллари ҳукуматни тинч аҳолига қарши қурол ишлатганликда айблаб чиқди.