Ўшда депутат Келдибеков тарафдорлари очлик эълон қилишди

Image caption Аёлларга кўра, ўзларининг намойиш ўтказишлари учун ҳеч ким пул тарқатмаган.

Ўшнинг марказий майдонида Аҳматбек Келдибековнинг ҳибсга олинганига қарши норозиликларини давом эттираётган одамлар у озод қилинмагунча очлик қилишларини айтишган.

Уларга кўра, намойишга ўзлари чиққанлар, ҳеч ким пул бермаган.

Майдонга учта чодир ўрнатиб олган 20 кишидан иборат бу гуруҳ орасида 40 ёшдан 80 ёшгача кишилар бор.

Очлик қилганлар Келдибековга боғлиқ воқеалар телевидение ва ахборот воситаларида бир томонлама ёритилаётгани, ҳаракатлари ҳақида салбий фикрлар билдириб, одамларда ёмон таъсурот уйғотилаётганидан норози бўлишган.

"Мен Олой туманидан келганман. Бизнинг гапимизни ҳеч ким эшитмаяпти. Бизни кўрсатишмаяпти. Биз ҳақиқат учун охиригача курашамиз", деб айтади аёллардан бири.

Очлик қилганларнинг аксарияти аёллар, улар Аҳматбек Келдибековни тергов пайтида уй қамоғига ўтказишни сўрашмоқда. "Бу талабимиз бажарилмас экан, шу ерда тураверамиз. Орамизда кексалар ҳам бор",- дейди 55 ёшли Айнура Жақипова деган аёл.

"Мен Қадамжойдан келдим. 11 та болам бор. Бизни тумандаги 100 дан ортиқ қаҳрамон оналар қувватламоқда. Мен ҳам Аҳматбек чиқмагунича очлик қилмоқчиман", деб айтади Сухсур Абдулаизова.

Уларнинг таъкидлашича, ўзларининг очлик қилишлари ва намойиш ўтказишлари учун одамлар айтаётганидек ҳеч ким пул тарқатмаган. "Биз ҳақиқат тарафдоримиз. Ўз хоҳишимиз билан Аҳматбекни ёқлаб чиқдик. Пул олганимиз йўқ", дейишган очлик бошлаган аёллар.

Олдинроқ митинг қатнашчилари пул эвазига намойишга чиққанлари ва уларга қанчадан пул берилгани ҳақидаги хабарлар интернетда тарқалган эди.

Аҳматбеков Келдибековни озод қилиш акциясига чиққан аёллар Олой, Новқат, Қорасув туманларидан келишган.

"Ата журт" партияси депутати Аҳматбек Келдибеков 20 ноябрда хизмат вазифасини суистеъмол қилиш ва пора олишда айбланиб ҳибсга олинган.

Бишкек маҳкамаси норозилик чиқишларига қарамасдан, тергов ишлари давомида Аҳматбек Келдибековни яна икки ой ҳибсда қолдиришга қарор қилганди.

Намойишлар орқасидан ўтган ҳафта Ўш шаҳар ҳокими Мелис Мирзакматов бош вазир томонидан лавозимидан бўшатилган.

Жаноб Мирзакматов тасдиқлашича, у шахсан бу каби намойишларни ўтказишга рухсат берган.

Лекин Қирғизистон Бош вазири Жонтўра Сотболдиев томонидан имзоланган фармонда Мелис Мирзакматовнинг ишдан олиниши сабаблари келтирилмаган.

Бу мавзуда батафсилроқ