Туғруқҳона яқинида кўзи ёриган ўзбекистонлик онанинг депортацияси кечиктирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Ўзбекистонлик она зарур ҳужжатлари бўлмагани учун туғруқхонага қабул қилинмаган

Россия маҳкамаси Владивостокдаги туғруқхона яқинида кўзи ёриган Ўзбекистон фуқароси Шоира Улашевани мамлакатдан чиқариб юборишни кечиктириш ҳақида қарор қабул қилган.

Ушбу қарор ўзбекистонлик онага янги туғилган фарзандига ҳужжатларни расмийлаштириш имконини бериш мақсадида қабул қилинган.

Шундан кейин Шоира Улашева Россиядан мустақил равишда чиқиб кета олади.

Россия суд ижрочилари федерал хизматининг Приморск ўлкаси бўйича бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи Ольга Фролованинг Би-би-сига айтишича, маҳкамада Шоира Улашевани маҳаллий ўзбекистонликлар жамияти вакили тамсил қилган.

"У ва уч фарзанди 14 декабр куни Новосибирскга бориб, янги туғилган болага ҳужжатларни олишади. Шундан кейин улар Новосибирскдан Ўзбекистонга кетадилар", - деб айтган Фролова хоним Би-би-си Рус хизмати билан суҳбатда.

Пайшанба куни ўзбекистонликларнинг Приморьедаги "Адолат" жамоатчилик уюшмаси раиси Баҳодир Нураков Би-би-сига Шоира Урлашева учун учоққа чипта сотиб олишни ўз зиммаларига олганини тасдиқлаган.

Расмийларга кўра, ўзбекистонлик онани Россиядан бадарға қилиш ҳақидаги ижроси кечиктирилган қарор 25 декабрдан бошлаб кучга киради.

Агар Ўзбекистон фуқароси унгача Россияни тарк этмаса, депортацияга тобеъ хорижликлар қаторида махсус ҳибсхонага жойлаштирилади.

6 ноябр куни Шоира Улашева Владивостокдаги туғруқхона яқинида кўзи ёришни бошлаган, шифокорлар уни зарур ҳужжатлари йўқлиги учун қабул қилишмаган.

Яқин-атрофдаги одамлар полиция чақиришган.

Полициянинг аралашувидан сўнг муҳожир аёл туғруқхонага қўйилган ва у фарзандини дунёга келтирган.

Полиция шифохона маъмуриятига нисбатан текширув бошлаган, аммо шифокорларнинг ҳаракатларида жиноят таркиби аниқланмаган.

Текширувлар жараёнида Шоира Улашева 2011 йилда Россияга кириб келгани ва рухсат этилган муддат-90 кундан кейин ватанига қайтмагани аниқланган.

Айни пайтда Улашеванинг турмуш ўртоғи Россияда қонуний асосда яшаб келгани айтилади.