Тожикистонлик меҳнат муҳожири кундалигидан

"Мусофир бўлмагунча, мусулмон бўлмайсан", дея муҳожирликнинг ҳамма қийинчиликларини тортишга тайёр бўлиб, Россияга борган тожикистонлик Умид ўзга элда кўрган-кечирганларини қоғозга тўккан.

Биринчи ҳикоя:

Урре, уйга кетяпман!

Кеча Хўжандга учадиган самолётга чипта олдиму туни билан ухлаёлмай чиқдим. Кўз олдимдан қишлоғим, мени кузатаётиб, тандирдан узилган иккита иссиқ нонни тишлатган, «она, нима қиляпсиз, мен урушга кетаётганим йўқ-ку», деганимда, жилмайганча «Болам, уруш деган сўзни тилингга олма, узоқ сафарга кетяпсан, ризқинг кўз олдимда турсин», деган онам, менинг йўқлигимни билдирмай, онажонимдан хабар олиб турган опам, жиянларим кўз ўнгимдан ўтаверишди.

Ана, икки табақали оч кўкка бўялган дарвозамиз, ёнидаги эшикча ортида уни очишга уринаётган итимиз – Йўлбарс. У нега кўчага чиқишга уриняпти? Мени кутиб олмоқчими, ё… Ё яна қабристон томонга чопмоқчими? Отамни, уни эркалайдиган хўжайинини соғиндими…

Баланд-баланд мармартошлар орасида мунғайиб турган дўмпайган қабр мендан гина қилаётгандек эди. Кечиринг, отажон, уч йилдан ўтди, қабрингизни зиёрат эта олмадим…

Нима бўлди менга? Мусофирликда ўтган уч йил юрагимни тошга айлантирдими? Юртимда тузук иш топа олмай, уч-тўрт танга ишлай деб Москвага келганим кўз олдимдан ўтди ўзимни ўзим яниётган чоғим.

Университетнинг иқтисод факултетини тугатиб, қўлимда диплом билан роса ярим йил иш излаганимдан сўнг, ариза ёзиб ҳарбий хизматга жўнагандим. Ўзимча олий маълумотим борлиги учун бир йиллик армия тез ўтади-кетади, у ердан тилим узун бўлиб қайтаман, қаерга борсам ишга олишади, деб ўйлагандим. Йўқ, ҳатто бизга иқтисодчи зарур, дея эълон ёзган идоралар ҳам ишга олишмади. Бир ишхонада ҳали иш тажрибангиз йўқ экан, бизга тайёр кадрлар керак, деб қайтаришди, иккинчисида узр, кеча келганингизда олардик, бошқа одамни олиб қўйдик-да, дейишди…

Суриштириб билсам, кўп ишхоналарда бошлиқлар қариндошларини, пулдор танишларининг болаларини ишга олишар экан. Мен на бирон ишхона раҳбарига қариндош бўламан, на пулдор отам бор…

Шундай юраверсам, отамдан қолган пулга чақиладиган уй жиҳозларини сотиб ейишимизга тўғри келади. Бошим қотиб юрган ана шу кунларда Москвадан синфдош дўстим келиб қолди. Москвани, ишини роса мақтади. Менинг нима қилаётганимни суриштирди-ю қаҳ-қаҳлаб кулди.

Москвада менга ўхшаган «институтни битирган тожикистонликлар қалашиб ётган» эмиш. «Э, баъзилари кўча супуришади, қишда қор курашади, лекин улар топган пулни сен бу ерда бир йилдаям топмайсан», деди жилмайганча синфдошим.

Эртасига у билан учрашганимда «Москвага борсам, менгаям иш топилармикан», дедим. «Топилади, фақат чидасанг бўлди», деди синфдошим.

«Чидасанг бўлди»

Мен ана шу «чидасанг бўлди»ни кейинчалик кўп эсладим. Аллақайси бир чет эл фирмасининг қурилиш ташкилотига ишга илиниб, усталарга ёрдамчи бўлганимда, юк кўтариб, еттинчи қаватга бир кунда камида етта марта чиқиб тушганимда, қўлларим қавариб, оёқларим шишиб кетганимда эсладим синфдошимнинг гапини ва ҳар гал тишимни тишимга қўйдим. Кўз олдимда онагинам маъюс жилмайиб турардилар – «Ўғлим Масковдан катта пул топиб келади, янги уй қурамиз, уни уйлантирамиз, тўй қиламиз», дея.

Синфдошимга бошқа иш топиб кетаман, деган пайтларим эса, у «Нима, қайси бир муттаҳамнинг қўлига тушиб, ҳужжатингни олдириб, қул бўлиб ишламоқчимисан?», дерди.

Мен Россияда қулчиликка тушиб қолганлардан бирини кўргандим. Озиб-тўзиб кетган, эллик ёшдан ўтган одамга ўхшаб қолган йигирма бешлик йигитни!

Э, бу Россияга нон топаман, деб келган ҳамюртларимнинг бошларига не-не кунлар тушмаган. Москвада бозор томи йиқилганда тагида қолган йигирмадан эндигина ўтган Ҳасан-Ҳусан, скинхед-тақирбошлар оломон қилиб ўлдирган эллик ёшдан ўтган беозор кўча супурувчи… Ҳар гал бу каби этни жунжиктирувчи воқеаларни эшитганимда, бўлди, эртагаёқ уйга кетаман, дердим. Лекин эрталаб индамасдан ишга жўнардим. Чунки бир мен эмас, милёндан ортиқ тожикистонлик ишлаб юрибди-ку Россияда!

Бир йилдан кейин мени ёрдамчиликдан мустақил ишга ўтказишди. Ойлигим икки баравар ошди. Орадан икки ой ўтмасдан ижара уйни ўзгартирдим. Янги уйда бир хонада тўққиз кишимиз. Энди илгаригидек ҳожатхонага навбат кутишлар камайган, бир ёнлама ётишлар йўқ. Илгари каталакдек хонада ўн етти киши ётардик!

Устига кўчада қўрқа-писа юришни, метрога ҳадиксираб киришни ҳам унута бошладим. Учратдими, бир баҳона билан пул сўрайдиган, бўлмаса, «депорт» қилиш билан қўрқитадиган милиса-полисиячини четлаб ўтишни ўргандим.

Москвага келганимда милиса қўлига тушиб қолганимни ҳатто эслагим келмайди. Ме-нинг русчада яхшигина гапиришимни эшитиб, афтидан ўзим тенги милиса йигит ёнидаги отаси тенги ҳамюртимга бақириб кетди: «Чурка, қара, бу туппа-тузук русча гапиряптику, сен нега отингни сўрасам, бақрайиб турасан?» Барибир менинг русча билишим ҳам чўнтагимни қоқлашдан сақлай олмади. Ижара ҳақини тўлаш учун синфдошимдан қарз сўрадим…

Мен Чаадаевга ва ўзимга сабр тилардим

Милиса билан бўлган яна бир воқеани эслайман. Ишдан ҳориб-чарчаб қайтяпман. Метрога яқинлашганимда икки нафар милиса ходимига кўзим тушди. Четлаб ўтмоқчи бўлгандим, ёшроғи чопганча келиб йўлимни тўсди. «Қаерга қочмоқчисан? Қани, бир ҳужжатларингни кўриб қўяйчи!» Мен ҳужжатларимни узатар эканман, ҳаммаси жойида эканлигини, вақтида қайддан ўтганимни, ишлаш учун рухсатномам борлигини айтдим. Милиса йигит тиржайганча тилимнинг ўткирлигини, энди ҳужжатимни қайтиб кўрмаслигимни айтди. Шундай дея, масхаралагандайин кулиб «Сенлар бизнинг қонунларимизга риоя қилмайсанлар, маданиятимизни билмайсанлар», деди. Мен хотиржамгина ҳамма бирдай эмаслигини, масалан, ўзим рус халқини ҳам, маданиятини ҳам ҳурмат қилишимни айтдим.» Шундайми, - деди иршайганича милиса йигит, - Пушкинни биласанми?» «Александр Сергеевичними? Нега билмайин?», дедим. «Билсанг, шеърини ўқи!» Мен милиса йигитнинг устимдан кулишга тайёр башарасига қарамасликка уриниб Пушкиннинг «Чаадаевга» шеърини ўқий кетдим. Мактабдаёқ ёд бўлиб кетган бу шеърни ўқир эканман, фақат Чаааадаевга эмас, ўзимга ҳам сабр тиладим. Оғзини очганча ҳанг-манг бўлиб турган милиса йигитга истеҳзоли қарадим-да, Есениннинг ўзим яхши кўрган шеърларидан бирини ўкий бошладим. «Бу шеър ҳам Пушкинникими?», деди лабини йиғиштириб олиб милиса йигит. «Йўқ, бу Сергей Есениннинг шеъри», дедим. «Ким у Есенин? Мен нега…» Шу пайт орқада турган, погонидан вазифаси баландлиги маълум иккинчи милиса ходими шеригининг елкасига қўл қўйди. «Бу осиёлик сени боплади. Ҳужжатини қайтариб бер!»… Милиса ходимлари орасида ҳам ҳар хили бор-да!

Карнай чалган ким, балога қолган ким

Ҳозир милисанинг номи ўзгарган – полициячи. Лекин, раҳматли бобом айтганларидек, эшак ўшаю, тўқим бошқа. Ҳалигача биз чуркамиз, Москвадаги бор жиноятни қилаётган бизмиз…

Икки ой олдин қайси бир бозорда биттасини кимдир ўлдириб кетибди. Карнай чалган ким, яна биз балога қолдик. Текшир-текшир, қув-қув. Тинчгина ишлаб юрган, шу москваликларнинг оғирини енгил қилаётган юзлаб инсонларга қора тамға босиб Россиядан чиқариб юборишди.

Мен билан бирга ижарада турадиган ўзбекистонлик Эргашали гап топиб келди. Москванинг чеккароқ бир еридаги уйга тўсатдан полициячилар бостириб киришибди. Минг хил баҳона топиб юзтами, икки юзтами ўзбекистонликни Москвадан чиқариб юборишибди.

Синфдошим эса, тоғаваччасини Домодедоводан, шундайгина самолётдан тушиши биланоқ ортига қайтариб юборишганини айтди. Москвада юрганида телефондан қарзи бор эканми, ишқилиб, кўз очиб юмгунча ҳал қилинадиган камчиликни филдек кўрсатиб, сен Россияга кириш ҳуқуқидан маҳрум этилганлар рўйхатига киритилгансан, дея чиқариб юборишибди. Энди беш йилгача Россияга кела олмасмиш…

«Ўзинг биласан, Тожикистонда иш йўқ, иш топсанг ҳам, тузукроқ ҳақ беришмайди, энди тоғаваччам нима қиларкин?», деди ўйланганича синфдошим.

Тинмай уҳ тортаётган одам

Мана мен ҳозир Домодедово аэропортида ўтирибман. Синчиклаб текширишлардан сўнг самолётга ҳам чиқдим. Нарсаларимни жойлаштириб, ўтиришим билан ёнимдаги ўттиз ёшлардаги киши уҳ тортди. Мен унга салом бердим-да, хаёлга берилдим. Кўкка бўялган дарвоза, икки деразали уйимиз, қозон бошида куймаланаётган онам…

Устма-уст тортилган уҳ хаёлимни бузди. «Уҳ»нинг сабабини сўрашга мажбур бўлдим.

- Сиз сўраманг, ука, мен айтмайин, - ёнимдаги киши шундай дея на бир марта чуқур уҳ тортди. – Энди қишни қандай ўтказамиз? Болаларимни қандай боқаман?

У узоқ тин олди. Мен бир сўз дейишга ботина олмасдим. Ниҳоят устма-уст уҳлардан сўнг у сўзида давом этди:

- Самолётдан тушишим билан орқага қайтаришди. Шукр қилар эмишман, Хўжандга қайтадиган самолёт билетига пулни ўзлари тўлашибди. Нега бундай қиляпсизлар, десам, сен йўл қоидасини бузгансан, мана шунча жаримани тўламасдан қочиб кетгансан, дейишди. Мен ҳеч қандай жаримадан хабарим йўклигини, хабарим бўлганда тўлашимни, қочиб кетган одам яна Москвага қайтиб келмаслигини айтдим. Биронтаси қулоқ солмади…

Тинмай уҳ тортаётган одам Москвада таксичилик қилар экан. Мабодо, қоидани бузиб қўйса, вақтида жаримасини тўлаб келган экан. Ҳар қадамда битта видеокамералар назора-тидан ҳозир биронта машина ҳаракати чеккада қолмаслигини айтди.

- Балки ўша жарима ҳақидаги қоғозни мен уйга келганимдан кейин юборишгандир, ёки бошқа бирон адресга жўнатишгандир. Бунақаси тез-тез бўлиб туради, - деди ёнимдаги киши. – Мана шу самолётда келган ўн тўрт кишини ортга қайтаришди…

Демак, уҳ тортаётган одамнинг ўзи билан ўн беш киши. Ҳар бирининг қарамоғида беш-тадан одам бўлса, демак ўзини қўшиб ҳисоблаганда, тўқсон кишини боқиш муаммоси энди кимни ўйлантирар экан? Буёғи қаттиқ қиш…

Худди шу лаҳза хавотирга тушдим. Шошганча телефонни қўлга олиб, пулини аниқладим. Хайрият, қарздор эмас эканман, қайтага анчагина пулим бор экан ҳали.

Умид,

Москва- Хўжанд.

Бу мавзуда батафсилроқ