Туркманистонда кўп партиявий парламент сайловида овоз берилди

Туркманистонда илк бор кўп партиявий парламент сайловида овоз бериш ўтказилгани хабар қилинмоқда.

15 декабр Туркманистон Межлисига сайлов куни деб эълон қилинган.

Овоз бериш эрталабки соат 7 дан кечки соат 19 гача белгиланган.

Туркманистон сайлов комиссияси овоз бериш ҳуқуқига эга фуқаролар сифатида 3 миллион 63 киши рўйхатга олинганини ва сайловчилар овоз беришда фаол иштирок этганлари ҳақида хабар тарқатган.

Парламент сайловига 283 номзод рўйхатга олинганини маълум қилганлар Туркман расмийлари.

Шундан 125 нафари парламентдаги ўринларни эгаллаши лозим.

Президент Гурбангули Бердимуҳамедов ушбу сайловни Туркманистоннинг демократия томон тараққиётида муҳим қадам, деб таърифлаган.

Бироқ Халқаро Амнистия ташкилоти газга бой Марказий Осиё мамлакатдаги сайловни хўжакўрсин томоша, деб танқид қилган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотига кўра, бу сайлов Туркманистондаги ялпи репрессия, асосий инсон ҳуқуқлари поймол этилаётгани муҳитига тўғри келмайди ва мамлакатда ҳақиқий мухолифат партияси ҳам, мустақил оммавий ахборот воситаси ҳам ва мамлакат ичкарисида эмин-эркин фаолият юритадиган бирорта ҳам мустақил инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти йўқ.

Шу йил Президент Бердимуҳамедов мамлакатдаги Демократик партия раҳбарлигидан воз кечиши ҳақида эълон қилган, ўзининг ушбу қадами Туркманистонда демократияни рағбатлантириши ҳақида айтган эди.

Ўтган йили Туркманистонда Саноатчилар ва тадбиркорлар партияси ташкил этилган ва бу партия Президент Бердимуҳамедовга содиқ эканлиги ҳақида эълон қилган.

Туркманистон сайлов идораси Демократик партия, Саноатчилар ва тадбиркорлар партияси, Касаба уюшмалари бирлашмаси, Хотин-қизлар уюшмаси, Махтумқули номидаги ёшлар ташкилоти ва фуқаролар гуруҳларидан номзодларни рўйхатга олган.

Туркманистондаги сайловга илк бор Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти ўз миссиясини юборган, бироқ бу миссия овоз бериш, бюллетенларни санаш каби барча жараёнлар устидан тўлақонли кузатиш олиб бормайди.

Бу мавзуда батафсилроқ