Президент Атамбоев: 'Қамбарота ГЭСини барибир қурамиз'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Жаноб Атамбоевга кўра, Ўзбекистон "сиёсий ўйинлар"дан қўрқаяпти

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев Ўзбекистоннинг қаршиликларига қарамай, зиддиятли Қамбарота -1 ГЭСининг қурилиши ниҳоясига етказилишини айтган.

Жаноб Атамбоев бу ҳақда Бишкекда, йил якунларига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилган.

Қирғиз раҳбарининг билдиришича, гидроиншоот қурилишида Ўзбекистонни энг кўп хавотирга солаётган нарса "сиёсий ўйинлар"дир.

"Ўзбекистон сиёсий ўйинлардан қўрқаяпти", дея Президентнинг сўзларидан иқтибос келтиради "Вечерний Бишкек" рўзномаси.

Жаноб Атамбоевнинг айтишича, у расмий Тошкентнинг хавотирларини аритиш учун Ўзбекистонга лойиҳага қўшилишни таклиф этган.

Аммо Ўзбекистоннинг жавоби маълум эмас.

"ГЭС Қозоғистон ва Ўзбекистонни суғориш мавсумида сув билан таъминлаш мақсадида Тошкентда лойиҳалаштирилган",- деб айтган Алмазбек Атамбоев.

Унга кўра, Қозоғистон лойиҳанинг фойдасини англаб етган ва уни амалга оширишда ҳамкорликка тайёр.

"Ўзбекистон ҳам эртами, кечми, унинг фойдасини тушуниб етади", - деган жаноб Атамбоев.

'Урушга олиб келади'

Расмий Тошкент Қирғизистон ва Тожикистоннинг зиддиятли гидроиншоот лойиҳалари минтақада сув тизимини издан чиқаришини айтиб келади.

Ўтган ҳафта Оврўпо Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирларининг учрашуви чоғида Ўзбекистоннинг Брюсселдаги элчиси Владимир Норов сув юзасидан тортишувлар минтақада урушга олиб келиши мумкинлигини айтган.

Аввалроқ Президент Ислом Каримов ҳам айни мазмундаги огоҳлантириш билан чиққан эди.

Жаноб Норов Қирғизистонни ўзининг сув-энергетика салоҳиятидан нотўғри мақсадда фойдаланаётганликда айблаган.

Айни пайтда Ўзбекистон Қозоғистон билан сувдан фойдаланишга доир шартномани ратификация қилган.

Икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик битимининг бир қисми бўлган шартномада сувдан фойдаланиш борасида қўшни давлатларнинг мавқейи бир-бирига тўғри келиши таъкидланган.

Ҳужжатда чегара оша дарёларда янги гидроиншоотлар қуриш дохил барча масалалар минтақадаги ҳамма давлатлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда халқаро ҳуқуқ нормалари доирасида ҳал этилиши кераклиги таъкидланади.

Қирғизистон ва Тожикистон гидроиншоот лойиҳаларини қиш мавсумида ўзларининг энергияга бўлган эҳтиёжлари билан тушунтиришади.

Бишкек ва Душанбега кўра, гидроиншоотлар қурилиши минтақадаги барча давлатлар учун манфаатлидир.