Қозоғистонлик фаоллар Жанаўзен қурбонларини хотирлашмоқда

Image caption Полиция нефтчиларнинг талабларига ўт очиш билан жавоб қайтарган

Қозоғистонлик фаоллар мамлакат мустақиллигининг навбатдаги санасини 2011 йилда юз берган Жанаўзен воқеалари қурбонларини хотирлаш билан нишонлашган.

Икки йил муқаддам полициянинг нефт корхонаси ишчиларига қарата ўт очиши натижасида 16 киши ҳалок бўлган эди.

Ҳукумат воқеаларнинг навбатдаги санаси арафасида намойишларни тақиқлаган.

Мухолифат фаоллари бу кунни Остонанинг марказий майдонидаги сиёсий репрессиялар қурбонлари хотирасига қўйилган эски ёдгорлик пойига гуллар қўйиш билан нишонлашган.

Шунингдек, Олма-Ота шаҳрида ҳам тўпланган фаоллар Жанаўзен воқеалари, худди 1986 йилнинг 16 декабрида Олма-Отада юз берган тартибсизликлар сингари охиригача текширилмагани ва жавобгар шахслар жазога тортилмаганини айтишган.

Жанаўзеннинг ўзида эса шаҳардан 12 километр узоқликдаги Тенге овулида қурбонлар хотирасига ош берилган ва ўтганлар руҳига Қуръон тиловат қилинган.

Тадбирда қурбонларнинг яқинлари билан бирга Жанаўзен шаҳри ҳокими ҳам иштирок этган

Ижтимоий тармоқларда тадбирга фақат "назоратдан ўтган одамлар"гина қўйилгани ёзилган.

2011 йил 16 декабр куни Қозоғистон мустақиллик кунини нишонлаётган бир вақтда мамлакат ғарбидаги Жанаўзен шаҳрида нефтчилар ва полиция ўртасида оммавий тартибсизликлар келиб чиққан эди.

7 ой давомида иш ташлаган нефтчилар маошларининг оширилиши ва иш шароитларининг яхшиланишини талаб қилганлар.

Аммо иш берувчилар нефтчиларнинг талабларига уларни ишдан бўшатиш билан жавоб қайтаришган.

Шаҳардаги биноларга ўт қўйилган, дўкон ва банклар талон тарож қилинган.

Ҳодисаларда 100 дан ортиқ одам яраланган.

Интернетда қуролланган полиция қочиб кетаётган одамларнинг ортидан ўқ узгани ва яраланганларни тўқмоқ билан ургани акс этган тасвирлар пайдо бўлиши ортидан полиция устидан ҳам жиноят иши очилган.

Фаоллар тергов жараёнининг қийноқлар ва босимлар остида ўтганини айтишади.

Маҳкама жараёнида кўпчилик гувоҳлар қийноқлар остида кўрсатма беришга мажбурланганликларини айтишган.

Президент Назарбоев воқеалар хориждан аралашув натижасида содир бўлганини айтган.

Қозоқ ҳуқуқ-тартибот идоралари қочувдаги мухолифат раҳбари Мухтор Аблязовни воқеаларга алоқадорликда айблашган.

Ҳукумат Жанаўзен воқеалари юзасидан адолатли маҳкама ўтказилгани ва айбдорлар жазоланганини айтади.