"Туркманистондаги сайловларни ўтказмаса ҳам бўлаверарди"

Image caption Якшанба кунги сайловлар мамлакат тарихида кўппартиявийлик асосида ўтган илк сайловлар бўлган.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг кузатувчилар ҳайъати Туркманистонда ўтган парламент сайловларини эркин ва адолатли сайловлар, дея олқишлаган.

Россия хабар агентликларининг МДҲ ижрочи директори Сергей Лебедевдан иқтибос келтиришича, сайловлар "тинч ва осойишта муҳитда ўтган ва сайловчиларнинг эркин танлов қилиш ҳуқуқлари таъминланган".

Айни пайтда Туркманистондаги сайловларга биринчи марта ўз миссиясини юборган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти икки ойдан сўнг якуний ҳисоботини эълон қилишини билдирган.

Якшанба кунги сайловлар мамлакат тарихида кўппартиявийлик асосида ўтган илк сайловлар бўлган ва унда, Туркманистон Марказий Сайлов комиссиясига кўра, овоз берувчиларнинг 90 фоиздан ортиқ сайловчи иштирок этган.

МДҲ ва ғарблик кузатувчилар собиқ совет ҳудудидаги сайловларга берадиган баҳолар кўпинча бир-бирига қарама қарши. Хўш, орадаги фарқ нега бунчалик катта?

Би-би-си Москвадаги МДҲ институтидан Андрей Грозин билан шу ҳақда суҳбатлашди.

Андрей Грозин: Ўйлашимча, бу ерда сайлов жараёнлари билан тўғридан-тўғри алоқаси бўлмаган омилларнинг таъсири катта. Яъни, геополитика, сиёсий мақсадлар ва бирдамлик сингари. Шунинг учун ҳам охирги йигирма йилда биз собиқ совет ҳудудида сайловлар масаласида стандарт бир вазиятга гувоҳ бўлаяпмиз. Бир томондан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг сайловларни кузатувчи тизимлари, иккинчи томондан эса Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти идораси сайловлар юзасидан бир-бирига мутлақо қарама-қарши баҳоларни бериб келишаяпти. Охирги пайтларда МДҲнинг сайловларни собиқ совет жумҳуриятларидаги сайловларни олқишлаётган ҳайъатининг баҳоларига Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти ҳам қўшилмоқда. Улар ҳар доим ижобий баҳоларни беришади. Ғарблик кузатувчиларнинг баҳолари эса, асосан, салбий. Бевосита Туркманистондаги сайловларга келсак, уларни ўтказмаса ҳам бўлаверарди. МДҲ кузатувчиларининг унга қандай баҳо беришларини ҳам олдиндан аниқ айтиш мумкин эди. Туркман сайловлари ҳам худди аввалроқ ўтган тожик сайловлари каби олқишланди. Мен аминманки, Қурбонгули Маликгулиевич Бердимуҳамедов Туркманистон ўтган якшанба куни демократия сари муҳим одим отганига шубҳа қилмайди.

Би-би-си: Шу маънода МДҲ ҳайъати собиқ совет ҳудудидаги сайловларга бераётган баҳони экспертлар баҳоси, деб айта оламизми?

Андрей Грозин: Менимча, уни экспертлар баҳоси деб бўлмайди. Гарчи ҳар икки томон- МДҲ кузатувчилари ҳам, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг кузатувчилари ҳам айнан шу нарсага, яъни экспертизага даъво қилишади. Мен бу баҳоларда қадриятлар тўқнашувини кўраман. Яъни сайловларга берилаётган баҳо расмий эмас, балки маънавий-ахлоқийдир. Маънавий ва ахлоқий нуқтаи назардан келиб чиқиладиган бўлса, нима яхши-ю нима ёмон, қандай сайловлар яхши-ю, қандай сайловлар ёмонлиги борасида чексиз баҳс қилиш мумкин. Бу ерда қатъий меъзонлар йўқ. Тўғри, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти бундай меъзонларни ишлаб чиқишга уринди. Аммо уларни ҳамма тан олаётгани йўқ.

Би-би-си: Иккинчи томондан, сиёсий ўзгаришларни кутаётган, уларга умид қилаётган аниқ электорат ёки электоратнинг бир қисми бор. Қандай қилиб уларнинг умидларини ҳисобга олмаслик ёки очиқчасига рад этиш мумкин?

Андрей Грозин: Шубҳасиз, мен сизнинг фикрингизга қўшиламан. Аммо бу яна ахлоқий қадриятларга бориб тақалади.МДҲ ёки Шанҳай ташкилотининг баҳоларида гап сайловчиларнинг кайфияти ҳақида бораётгани йўқ, балки аниқ бир давлат, яъни Туркманистон раҳбарияти билан сиёсий бирдамлик ҳақида бормоқда. Жаноб Бердимуҳамедов шундай шахски, ҳамма у билан дўстлашишни хоҳлайди. Ва мен ўйлайманки, ҳатто Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг икки ойдан кейин эълон қилиниши кутилаётган хулосаси ҳам у қадар танқидий бўлмайди. Менимча, уларнинг хулосалари, таъбир жоиз бўлса, мўътадил салбий бўлади. Чунки Туркманистон билан яхши алоқалардан ҳамма манфаатдор. Албатта, бу жаноб Бердимуҳамедовнинг қандайдир шахсий сифатлари туфайли эмас, балки у бошқараётган давлатнинг улказ табиий заҳиралари боисдир. Туркманистоннинг газ бойликларига Россия ҳам, Хитой ҳам, Оврўпо ҳам кўз тиккан.

Бу мавзуда батафсилроқ