Москва ҳокимияти муҳожирлар учун махсус шаҳарчалар қурмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Расмийларга кўра, муҳожирлар меҳнатига талаб сақланиб қолаверади

Москва шаҳар ҳокимияти пойтахтнинг саноат ҳудудларида меҳнат муҳожирлари учун махсус шаҳарчалар барпо этиш режасини эълон қилган.

Асосан муҳожирлар ишлайдиган коммунал хизматлар ишчилари учун мўлжалланган ётоқхоналар, расмийларга кўра, иш кучини бир ерда жамлаш ва улар яшайдиган ҳудуддаги аҳолининг фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Аммо москваликлар режадан норози ва гетто шаҳарлар қуриладиган ҳудудларда жиноятчилик даражасининг ошиб кетишидан хавотир билдиришмоқда.

Москвадаги "Муҳожирлик ва қонун" маркази эксперти Юлдуз Аминованинг айтишича, алоҳида ётоқхоналарнинг барпо этилиши мигрантларга рўйхатдан ўтишни қулайлаштиради.

"Ҳозир биронта москвалик Ўзбекистон ёки тожикистонлик мигрантни уйига рўйхатга қўймайди, улар сарсон-саргардон бўлиб юрадилар",-дейди эксперт.

Унга кўра, меҳнат муҳожирлари яшайдиган алоҳида манзилларнинг мавжуд бўлиши уларга иш топиш ва ҳаётларини йўлга қўйишда ҳам қулайлик яратади.

"Улар яшаётган жойда меҳнат ярмаркаларини ташкил қилиш мумкин, уларнинг қонуний мақомларидан хабардор бўлган Федерал Муҳожирлик Хизмати ҳам бу жойларни текширишига ҳожат қолмайди", - дейди Юлдуз Аминова.

Унинг айтишича, алоҳида шаҳарчалар қурилиши муҳожирларни Россия жамиятига интеграция қилиш ғоясига зид эмас.

"Қайтага улар ўзлари яшайдиган жойда рус тилини ўрганишлари, фарзандларини мактабларга беришлари мумкин бўлади", - дейди эксперт.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Россия ҳукуматининг муҳожирларга эътиборини танқид қилиб келадилар.

Муҳожирлар сони камаяди

Айни пайтда Москва шаҳар мэри Сергей Собянин уй-жой коммунал хўжалиги соҳасига жалб қилинадиган мигрантлар сони келаси йил учдан бирга қисқаришини маълум қилган.

Жаноб Собянин асосан марказий осиёлик муҳожирлар ишлайдиган соҳада "аста-секинлик билан тартиб ўрнатишлари"ни таъкидлаган.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Москвада йўлларни тозалаш бўйича махсус ташкилотлар тузилмоқда ва уларда асосан россияликлар ишлашади.

Аммо ҳоким муҳожирлар хизматига талаб сақланиб қолишини эътироф этган.

"Барибир қайсидир даражада мигрантлар меҳнатига эҳтиёж сақланиб қолади. Асосий вазифа- бу меҳнатнинг қонунийлигини таъминлаш", - деган ҳоким.

Унга кўра, иш берувчилар учун мигрантлар меҳнати россияликлар меҳнатидан арзон бўлмаслиги керак ва улар ҳам россиялик фуқаролар каби солиқ тўлашлари лозим.

"Акс ҳолда иш берувчи Россия фуқаросинимас-да, балки Тожикистон фуқаросини ишга олиш учун ҳар-хил баҳона ва схемаларни ўйлаб чиқаради", - деб айтган жаноб Собянин.

Кузатувчилар сўнгги пайтларда Россияда аксил-муҳожирлик кайфиятларининг кучайганини айтишади.

Таҳлилчиларга кўра, алоҳида сиёсатчиларнинг муҳожирларга қарши чиқишлари бу каби кайфиятларни кучайтирган.