Uzwebiston: Олмонияда ўғирланган машиналарнинг дараги Марказий Осиёда

Ўзбекистон божхоначилари Олмонияда ўғирланган дея тахмин қилинаётган “BMW X6” автомобилини ўзбек-тожик чегарасида тўхтатиб қолишган. Подробно.уз сайтининг хабар беришича, ушбу машина Интерпол орқали қидирувга берилган бўлган ва Латвиядан Тожикистонга қараб кетаётган поезд вагонларининг бирида топилган.

“Вагондаги бир неча қимматбаҳо машиналарнинг юк кузатув ҳужжатларида қайд этилмагани текширувчиларни шубҳалантирган”, - дейилади хабарда.

Интерпол Марказий бюросининг маълумотларига кўра вагондаги машиналардан бири “BMW X6” шу йилнинг октябр ойида Олмонияда ўғирланган бўлган ва халқаро қидирувга берилган.

Бундан сал олдинроқ Олмонияда нашрдан чиқувчи Bild газетаси Олмонияда ўғирланган тахминан 200 автомобил Тожикистон ҳудудида кузатилганини ёзган. Газетага кўра ушбу машиналарнинг аксар қисми президент Имомали Раҳмон атрофидаги одамларнинг қўл остида бўлган.

Рўзнома гап асосан BMW русумидаги машиналар ҳақида кетаётганини ёзган. Олмон терговчилари машиналарнинг қаерда жойлашганини GPS тизими орқали ўрганган.

Ҳодиса муносабати билан адлия ишлари бўйича Берлин сенатори Томас Хайлман Олмония Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат билан чиқди.

У мактубда “кўплаб машиналар Тожикистон президенти оиласи билан тижорий ёки қариндошлик томонлама боғланган одамларнинг қўлида қолаётганини” кўрсатган.

Олмон томони Тожикистон ҳукуматига ўғирланган молларни қайтариш бўйича ҳамкорлик қилишга чақирган. Бироқ иккинчи томон буни рад этган дейди Олмония нашрлари.

Тожикистон томони Bild нашрида ёзилган фактларни рад этиб чиқди. Avesta ахборот хизматининг ёзишича, Тожикистоннинг Олмониядаги элчиси Имомиддин Сатторов ушбу мақола иғволигини айтиб икки давлат ўртасидаги муносабатни ёмонлатишга қаратилганини билдирган.

Бироқ Ўзбекистонлик божхоначилари Оврўпада ўғирланган машиналар биринчи марта Тожикистонга киришга ҳаракат қилмаётганини билдирган.

Подробно.узнинг ёзишича, Ўзбекистон божхоначилари 2013 йилнинг бошида Латвиядан Тожикистонга қараб кетаётган поезд вагонларида Интерпол томонидан қидирувда бўлган 4 дона қимматбаҳо машина қўлга олинган.