Таниқли тожик ишбилармони узоқ йиллик қамоққа ҳукм қилинди

Image caption "Янги Тожикистон" паритиясининг раҳбари ҳукм қилинди

Тожикистондаги энг таниқли ишбилармон Зайд Саидов 26 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Шунингдек, ишбилармоннинг мол-мулки ҳам мусодара этилади.

Зайд Саидов шу йил бошида Тожикистонда "Янги Тожикистон" деб номланган янги партия тузиш ташаббуси билан чиққан эди.

Унинг устидан маҳкама жараёни сентябр ойидан бери давом этаётганди.

Саидов жаноблари 19 майда Франсадан Душанбега қайтгач ҳаво қўналғасида ҳибсга олинганди.

Зайд Саидовни Давлат хавфсизлик хизмати пора олиш, фирибгарлик, кўпхотинлилик қаторида жинсий зўравонлик каби қатор жиноятларда айбдор қилишганди.

Саидов жаноблари бу айбларнинг барчасини рад қилиб келаётганди.

Бугун маҳкама жараёни кечган бино қаршисига Зайд Саидовнинг ўнлаб тарафдорлари йиғилганлар.

Кўпчилик таҳлилчилар Тожикистонда таниқли бўлган ва муваффақиятли бизнесмен ҳисобланган Зайд Саидовнинг муаммолари унинг сиёсий партия ташкил қилиш ҳақидаги баёнотидан кейин бошланганига эътибор қаратадилар.

Унинг "Янги Тожикистон" партиясини барпо этаётгани борасида эълон қилиниши ортидан Саидов жаноблари ва бошқа ташкилотчиларга нисбатан босимлар кучайган.

Зайд Саидов ва бошқа мухолифат вакилларига босимларни мухолифат вакиллари ва таҳлилчилар ноябр ойида кечган президентлик сайлови олдидан қилинаётган сиёсий босимлар сифатида изоҳлашган эди.

Зайд Саидов журналистлар билан суҳбати чоғи президентликка номзодини қўйиш нияти йўқлиги ва янги партияси 2015 йилги парламент сайловларида иштирок этишни режалаётганини бир неча бор таъкидлаган.

Тожикистоннинг кўзга кўринган зиёлилари, улар қаторида шоира Гулрухсор ҳам Президент Раҳмонга мурожаатнома йўллашган ва Саидов жанобларини озод этишни сўрашган эди.

Кузатувчилар, Тожикистоннинг Президент Раҳмон бошчилигидаги ҳукумати мустақил фикрловчилар ва мухолифатга нисбатан тобора босимларни кучайтираётгани ҳақида айтишади.

Мамлакат мухолифати ва мутахасислар ҳукуматдаги асосий лавозимларни Президент Раҳмоннинг оила аъзолари эгаллаб бораётгани, порахўрлик кучайгани алал-оқибат халқ орасида норозилик келтириб чиқаришидан огоҳлантирадилар.