Қозоғистонда меҳнат муҳожирларига доир янги қонун кучга кирди

Image caption Қозоғистонда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари кўплиги айтилади

Қозоғистонда бир тоифа меҳнат муҳожирларининг фаолиятини легаллаштирувчи қонун кучга кирган. Бироқ ҳуқуқ ҳимоячилари ушбу қонун кутилган натижани бермаслигини айтиб танқид қилиб чиқмоқда. Қонун бўйича ўзига тўқ қозоқлар 5 нафаргача меҳнат муҳожирини уй юмушларига жалб қилиши мумкин.

“Қозоғистон республикасининг меҳнат муҳожирлари тўғрисидаги айрим қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги қонун 8 январ куни кучга киргани айтилмоқда.

Унга кўра Қозоғистон фуқаролари бир йилгача беш нафар меҳнат муҳожирини уй юмушларида ишлатиши мумкин.

Қонунда шунингдек, бармоқ изларини олиш орқали меҳнат муҳожирлари устидан назорат оширилиши мумкинлиги кўрсатилган.

Бироқ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ушбу қонун Қозоғистондаги меҳнат миграцияси талабларига жавоб бермаслигини айтишмоқда.

Чимкентда фаолият юритувчи “Сана сезим” ҳуқуқий маркази раҳбари Ҳадича Абишеванинг Би-би-сига маълум қилишича, қонунчиликда белигиланган бешта одамгача ишга ёллаш мумкинлиги тўғрисидаги чекловлар нотўғри. Унга кўра келаётган меҳнат муҳожирлари асосан қурилиш соҳасига келади.

“Чунки гуруҳ ёки бир бригада ишчиларни ёллаш мақсадида олиб келган шахсларга бирор қурилишни амалга ошириш учун 5 киши камлик қилади. Улар 20-25 кишини олиб келишади ва бу одамларни оиласи орқали расмийлаштиради. Агар одамлар вазиятдан чиқиб кетишга йўл топаверса, чегаралашнинг нима кераги бор. Бу яна коррупцияга йўл очиб беради”, - дейди Ҳадича Абишева.

Қонун бўйича энди уй юмишларига жалб қилинган мигрант давлат ғазнасига ойига 22 доллар атрофида солиқ тўлайди. Шу тариқа бир йилгача Қозоғистондан чиқмасдан ишлаб юриши мумкин. Мутасаддилар бунинг ортидан давлат ғазнасига сезиларли маблағ тушишини кутишмоқда.

Лекин ҳуқуқ ҳимоячилари ушбу берилган имтиёзлар Қозоғистоннинг эҳтиёжи ва бу ерга келаётган мигрантларнинг талабини қондирмаслигини айтишади.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдаги муҳокамаларда қатнашган ҳуқуқбон Ҳадича Абишева Қозоғистон ҳукуматининг талабга жавоб бермайдиган қонунни қабул қилганини тушунмаслигини айтади.

“Бу ерда ҳамма нарса оз оздан қилинишга ҳаракат қилинади ва ўз навбатида нотўғри қилиб қўйишдан қўрқишади. Натижада шу каби хом қонунлар юзага келади. Кўплаб нодавлат ташкилотлари халқаро мезонларга мос қонун қабул қилиниши кераклиги ҳақида бонг уришди. Аммо нима учун депуттатларимиз бу каби номукаммал қонунларни қабул қилишининг сабабини билмайман”, - дейди Ҳадича Абишева.

Абишева хонимнинг айтишича, қонун лойиҳаси муҳокама қилинаётган нодавлат ташкилотлари мигрантларни ишга жалб қилиш борасида ҳеч қандай тўсиқ ва чеклашлар бўлмаслигини таклиф қилишган. Бундай тўсиқлар уларнинг ҳуқуқларини чеклаш билан бирга, мамлакатда коррупциянинг илдиз отишига сабаб бўлади.

Қозоғистонда норасмий манбааларга кўра ҳар йили 800 мингдан ортиқ Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари келиши айтилади.

Ўзбекистонликларнинг кўпчилиги қурилиш, қишлоқ хўжалиги, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш соҳаларида меҳнат қилади.

Ушбу меҳнат муҳожирларининг аксарияти Қозоғистонда қонунни бузиб ишлаб юришга мажбур. Янги қонун уларнинг бир қисминигина легаллаштириши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ