Қирғизистон 'жиҳодга ёлловчиларни' ушлаган

Image caption Жанубий Қирғизистон қишлоқларида илгари ҳам ёшларни Сурия жиҳодига ёллаш ҳоллари бўлгани айтилади

Қирғиз расмийларига кўра, жанубдаги Боткен вилоятида аниқланган кичик гуруҳ гўёки маҳаллий одамларни ёллаб, Суриядаги урушга юборишни мақсад қилган.

"Гуруҳ аъзолари, асосан, 19-20 яшар ёшлар" - деб айтган мамлакат Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати зобити Эрнис Усмонбоев.

"Улар ўз пуллари ҳисобидан Сурияга кетишмоқчи бўлишган".

Гуруҳ бошлиғи Россияда меҳнат муҳожири сифатида ишлаб келган 20 яшар йигит, дейилади.

Мулозимларга кўра, махсус амалиёт чоғи ошкор этилган гуруҳ таркибида беш киши бўлган ва ҳозир тергов-суриштирув ишлари кетмоқда.

Олдинроқ эса хавфсизлик хизматлари вакиллари шимолдаги Чуй вилоятида икки нафар хорижий жангари қўлга олингани ҳақида айтишганди. Расмийлар уларга тааллуқли қурол-аслаҳа ҳам топилганини иддао қилишади.

Бу икки шахс қўшни давлатлардан бирининг фуқаролари, деб айтилмоқда. Лекин айнан қайси мамлакат эканлиги очиқланмаган.

Бу икковлон Қирғизистон фуқароларини Суриядаги жиҳодга қўшилишга даъват қилмоқчи, деб билдирилмоқда.

Аммо қатор кузатувчиларнинг фикрича, ҳали айни шахслар фаолияти борасида бир тарафлама хулоса чиқаришга қийин.

Негаки, инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Қирғизистонда одамларни пора ундириш мақсадида ёки миллий ҳамда шахсий адоват туфайли ҳибсга олиш ва турли айблар қўйиш ҳоллари мавжудлигини айтиб келадилар.

Сурия жиҳоди ва Марказий Осиё

Ўтган йил ҳам Қирғизистон жанубидан бўлган бир неча ёш йигитнинг Суриядаиг мужоҳидларга ёрдам бериш ниятида кетишгани ҳақида хабарлар чиққанди. Кейинроқ улардан икки нафари Туркияда қўлга олиниб, Қирғизистонга қайтарилган.

Image caption Қозоғистонлик мана бу болакайни отаси жиҳод учун Сурияга олиб борган

Бироқ қолганларининг тақдири маълум эмас.

Сўнгги пайтлари Суриядаги урушга Марказий Осиё давлатларидан ҳам кўнгиллилар ва ё алданиб олиб борилган қўшилаётгани ҳақида хабарлар чиқиб туради.

У ерда урушаётган турли гуруҳлар турфа йўллар билан ўз сафларига жангари ёллашади.

Бироқ бир неча ой аввал Қозоғистондан бир нечта оила бошлиқлари хотин-болаларини олиб, жами 150 нафар киши бўлиб, Сурияга жиҳодга кетишгани айтилганди.

Улар кейинчалик ёш болалари билан биргаликда қўлларида қурол тутган аксларини интернетга жойлаштиришганди.

Ҳозир Покистоннинг қавмий ва қонунсиз ҳудудларида бошпана топган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Туркистон Исломий ҳаракати ҳам бир неча йиллар давомида собиқ Совет Марказий Осиёдан ўзлари учун аъзолар топишга интилиб келган.

Ўзбекистон ва Туркманистон бу борада ўта қаттиқ чоралар киритишгани боис улар, асосан, қўшни мамлакатлардан жангарилари ёллашга уринишган.

Мазкур ҳаракатлар сафида аксар ўзбек, тожик, чечен, татар, афғон ва Хитойдаги тақиблардан қочқиб чиққан уйғур ёшлари борлиги айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ