Франция ҳукуматидан Аблязовни экстрадиция этмаслик сўралди

Image caption Мухтор Аблязов бир неча ой муқаддам Францияда ҳибсга олинган эди

Human Rights Watch ва Amnesty international ташкилотлари Фрация ҳукуматига қозоғистонлик қочқиндаги банкир Мухтар Аблязовнинг экстрадициясини тўхтатишга чақирган.

Халқаро ташкилотлар Аблязов экстрадиция қилинадиган Украина ҳам, Россия ҳам уни келажакда Қозоғистонга бериб юборишидан хавотир билдирган.

Қозоғистон эса маҳбусларга қийноқ қўллаши билан халқаро жамоатчиликнинг эътиборига тушган.

Қозоғистоннинг ўзида ҳам Мухтор Аблязовнинг экстрадицияси борасида турли фикрлар янграмоқда.

Франция маҳкамасининг экстрадиция ҳақидаги қарори Қозоғистонда турлича қарши олинди.

Бир томон ушбу қарорни олқишлаган бўлсада, ҳали якуний ҳукм чиқмагани учун охиригача кутиш кераклигини айтади.

Қозоғистондаги "Бўлашақ" республика ҳаракати уч йил олдин Олма отадаги Оврўкомиссия биноси олдида норозилик намойиши ўтказганди.

Ҳаракат лидери Даурен Бабамуратовнинг Би-би-сига айтишича, ҳали қувонишга эрта.

"Бу ерда энг муҳим масала, ҳали сўнгги нуқта қўйилгани йўқ. Бунгача ҳам ушлашибди, судлашмоқчи, бериб юбормоқчи деган ахборотлар чиққан. Шунинг учун ҳам унинг экстрадиция ҳақида сўнгги қарор берилганидан кейингина фикр билдирса бўлади", - дейди Даурен Бабамуратов.

Ҳуқуқбон Галим Агелеуов Аблязовнинг Россия, Украина ва унинг ортидан Қозоғистонга топширилишини нотўғри ечим эканлигини таъкидлайди.

"Менимча, экстрадиция тўғрисидаги қарор нотўғри бўлди. Мамлакатда қийноқ қўллаш ҳолатлари тўхтатилмагунча, адолатсиз судлар тугатилмагунча топшириш қарори нотўғри бўлади", - дейди Галим Агелеуов.

Агелеуов жаноблари эътиборни Аблязовнинг иқтисодий қонунбузарлигига ёки бузмаганлигига эмас, балки унинг инсон сифатида қийноқларга тутилмаслигига қаратаётганини билдирди.

"Бўлашақ" ҳаракати лидери Даурен Бабамуратовнинг таъкидлашича, ҳар қандай Қозоғистон фуқаросини қозоқ маҳкамалари суд қилиши керак.

"Ҳар қандай Қозоғистон фуқаросига Қозоғистоннинг суди ҳукм чиқариши керак. Қозоғистон фуқаросига таалуқли ишларда четдаги судларнинг ҳукм чиқариши ёки маҳкама жараёнини олиб бориш тўғри эмас. Албатта, халқаро ишлар ёки икки давлат ўртасидаги ҳодисалар бундан мустасно", - дейди Даурен Бабамуратов.

Бабамуратов жаноблари Қозоғистон маҳкамаларини Ғарб маҳкамалари олдида ёмон деб таърифлаш нотўғри эканлигини айтади.

"Менимча, Қозоғистоннинг суди ёмон, Барбадос, АҚШ ёки яна бир давлатнинг суди яхши деган фикр тўғри эмас. Агар Аблязов Қозоғистонга экстрадиция қилинадиган бўлса, биз талаб қиламизки, маҳкама очиқ, оммавий ахборот воситалари ходимлари, жамоат фаолларининг қатнашуви билан ўтиши керак", - дейди Даурен Бабамуратов.

"Бўлашақ" ҳаракати лидери Қозоғистон маҳкамаларининг яхши ёки ёмон деб, бир томонлама қарор чиқариб бўлмаслигини, суд тизимида минглаб одамлар ишлашини билдирди.

Сиёсатшунос Расул Жумали айбсизлик призумциясидан келиб чиқиб Мухтар Аблязовнинг ҳуқуқлари суд томонидан кафолатланиши кераклигини айтади.

"Фуқарога айб эълон қилинганда, очиқ, адолатли, холис ва малакали суд томонидан ҳуқуқлари кафолатланиши керак. Лекин на Россия ва на Украина бу каби юқори талабларга жавоб бера олиши билан мақтана олмайди. Ушбу судлар ўта кучли маъмурий аралашувни бошидан ўтказмоқда. Бу жараёндан Қозоғистонни ҳам истисно қилиб бўлмайди. Мантиқдан келиб чиқиб Аблязовни Оврўпа давлатларида суд қилиниши тўғрироқ бўлади", - дейди Расул Жумали.

Бу мавзуда батафсилроқ