Тожик-Қирғиз чегарасида отишма рўй берган

Қирғизистон ва Тожикистон чегара посбонлари ўртасида отишма бўлиб ўтган.

Оқибатда, қирғиз томонидан уч чегарачи яралангани, тожик томонидан эса икки зобит яралангани хабар қилинади.

Қирғизистондаги хабар агентликларининг қирғиз чегара хизмати матбуот воизига асосланиб хабар тарқатишича, икки давлат чегарачилари ўртасида даҳанаки жанг келиб чиққан ва тожик чегарачилари биринчи бўлиб қирғиз ҳамкасбларига қарата ўт очганлар.

Қирғиз томонида воқеа содир бўлган Боткен вилоятининг Боткен туманига қирғиз чегара хизматининг бош штаби раҳбари Полковник Искендер Мамбеталиев йўл олган.

Ҳозирда мазкур ҳодиса туфайли қирғиз-тожик чегара нуқталаридаги қатнов бутунлай тўхтатилган.

Тожик хабар агентликлари бугун кундузи юз берган отишма ортидан ҳозирда чегарада вазият тинч эканини хабар қилишмоқда.

Тожикистоннинг Осиё Плюс агентлиги маҳаллий яшовчиларга таяниб ёзишича, бугун куннинг биринчи ярмида ўз чегарачали ҳамроҳлигида қирғизлар баҳсли ҳудудда автомобил йўлини қуришни қайта бошлашга уринганлар. Тожик тарафи бу йўл Тожикистоннинг Исфара шаҳри таркибидаги Ходжи Ало қишлоғи ҳудудидан ўтишини айтишади.

Тожик маълумотига кўра, қурилиш ишларини тўхтатиш учун етиб келган тожик чегара зобитларига қарата қирғиз ҳамкасблари автоматик қуроллардан ўт очганлар, ва бунинг оқибатида икки тожик зобити яраланиб Исфара шаҳри касалхонасига ётқизилган.

Маҳаллий яшовчи қирғиз томонидан ҳеч ким жароҳат олмаганини даъво қилади.

Айни дамда ҳодиса жойига Исфара шаҳрининг ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари ва ҳокимият вакиллари етиб борганлар.

Қирғизистонга чегарадош Исфара шаҳрининг қишлоқларида яшовчилар даъво қилишларича, ўтган бир неча кун давомида қирғиз томонидаги қишлоқларда яшовчи оилалар, асосан аёллар ва болалар бугун можаро юз берган ҳудуддан кўчирилганлар.

Қирғизистон ва Тожикистон чегараси учун бу ҳодиса ғайриоддий ҳол эмас.

17 декабрда Қирғизистоннинг Ақ-Сай қишлоғи аҳолиси ва Ворух тожик анклави яшовчилари ўртасида можаро келиб чиққанди. Хабарларга кўра, Ақ-Сайликлар анклавга йўлни беркитиб, ўз ҳукуматидан Тожикистоннинг Чорку қишлоғини айланиб ўтувчи йўлни қуриб беришни талаб қилганлар.

Икки ҳукумат вакиллари музокаралари ортидан йўл қайта очилганди.

Бу музокаралар оқибатида 9 январда Исфарада қирғиз-тожик чегарасидаги муаммоли ҳудудларда биргаликда қўриқлов ишларини олиб бориш тартиби келишиб олинганди.

Бу мавзуда батафсилроқ