Ўш: Мелис Мирзақматов қайта сайланадими?

Image caption Мирзақматов миллатчи чиқишлари ва марказий ҳукуматни менсимаслиги билан танилган

Чоршанба куни Бишкек ва Ўш шаҳарларининг ҳокимлари сайланади.

Сайлов яқинлашгани сари Ўш шаҳри аҳолиси орасида турли ваҳима – саросималар кўпайиб бормокда.

Марказий ҳукумат ҳам, маҳаллий ҳокимият ҳам ўз қўлларидаги имкониятларни фойдаланиб, ютуққа эришиш илинжида.

Ҳозирги кунда олиб борилаётган сиёсат ўйинларидан чарчаган аҳоли эса, янги ҳоким ким бўлишидан қатъи назар, шаҳар ривожи, аҳоли равнақи учун иш олиб борса дейди.

Сайлов яқинлашгани сари Ўш шаҳар собиқ ҳокими Мелис Мирзақматов билан марказий ҳукумат ўртасидаги муносабат тобора таранглашиб бораяпти.

Иккала тараф бир-бирларини қоралаб, иғвогарликларда айблаб келмоқдалар.

Шубҳали варақалар

Душанба куни Ўшда шаҳар кенгашидаги ўзбек депутатларининг сурат ва манзиллари ёзилган, уларни сайлов олдидан у ёки бу номзодга овоз бериш учун қўрқитишга йўналтирилган варақалар пайдо бўлгани хабар қилинган.

15 январда бўлиб ўтадиган сайлов куни, Ўш марказий майдонида собиқ ҳоким Мирзақматовни қўллаган тинчлик митинги ўтказилиши кутилмоқди.

Таҳлилчилар фикрича, бу каби митинглар, марказий ҳукуматга босим ўтказиш мақсадида уюштирилади.

Ўз навбатида давлат идоралари, мактабларда ҳам тезкор йиғинлар ўтказилиб, 15 январда марказий майдонда бўладиган тинчлик митингида қатнашмасликка даъват қилинмоқда.

Ўшлик медиа эксперт Бакит Ибраимовнинг фикрига кўра, сўнгги пайтларда марказий ҳукумат билан маҳаллий ҳукумат ўртасида ахборот уруши авжига чиққан.

"Мирзақматовнинг Ўш шаҳар ҳокими этиб қайта сайланмаслиги учун марказий ҳукумат, ўз қарамоғидаги ОАВлар - КТР, ЭлТР, 5 каналлар орқали собиқ хокимни 4 йиллик фаолиятидаги камчиликларини топиб чиқиб, уларни жамоатчиликка ошкор этаяпти. Ўз навбатида Мирзақматов ҳам ўзига қарашли ЎшТВ телеканали ва "Ўш Шаами" газетаси орқали ўзига қўйилаётган айбларни рад этиб, ўзини оқлаш, ишларнинг барчасини халқ учун қилганлигини айтиб келмоқда” - дейди Бакит Ибраимов.

Мирзақматов 2009 йилнинг бошида Ўш шаҳар ҳокими бўлиб келгандан кейин, шаҳар ободончилиги ва ривожланиши учун кўзга кўринарли ишларни олиб борди деб, унинг ишига ижобий баҳо берадиганлар ҳам бор. Ўш шаҳар яшовчиси Илҳом Қосимов:

"Мелис Мирзақматовнинг ҳокимлиги даврида шаҳарда бир қатор ижобий ўзгаришлар кузатилди. Унинг бажарган ишларини тан олиш керак. Кўчалар асфальт қилиниб, ободонлаштирилди, ёритилди. Шаҳар бюджети бир неча баробарга кўпайди. Бунгача ҳоким бўлиб ишлаганлар бундай ишларни қилмаган эди", - дейди Илҳом Қосимов.

'Миллий қаҳрамон'

Ўшдаги “Ди груп” аналитик марказининг раҳбари Муножот Тошбоеванинг фикрича, Мирзақматовнинг олиб борган ишларини мақтаб, уни қаҳрамон қилиб кўрсатиш нотўғри.

Шаҳар ҳокими бўлганидан кейин бу ишларни бажариш унинг вазифаси:

"Жаноб Мирзақматов бу ишларни бажариш учун, ўз чўнтагидан ҳаражат қилгани йўқ. Ҳадеб уни мақтайвермасдан, бу жараёнларни оддий бир ҳол, деб билиш керак. Шу қаторда сайлов жараёнини ҳам. Бўлажак шаҳар ҳокими сиёсатчи бўлиши шарт эмас, қайтанга "хозяйственник" бўлиши керак. Шаҳарни қандай қилиб ривожлантириш мумкин, деган савол устида бош қотирадиган, аниқ режа асосида ишни олиб кетадиган одам бўлиши керак. Ҳали қанча ечилмаган муаммолар турибди", - дейди Муножот Тошбоева.

2010 йил июнида Ўш ва Жалолободда бўлиб ўтган миллатлараро қонли воқеалардан кейин, бир қатор халқаро ва нодавлат ташкилотлари шаҳарларни тиклашда маҳаллий ҳокимият билан иш олиб борганлар.

Ўшдаги “Интербилим” нодавлат ташкилотининг раҳбари Гулгаки Мамасалиеванинг сўзларига кўра, агар янги ҳоким бўлса, бир қатор қийинчиликлар бўлади.

"Шаҳар ҳокимиятининг ҳозирги таркиби билан ишлаш биз учун қулай. Агар сайловда Мелис Мирзақматов эмас, Айтмамат Қадырбаев ғолиб бўлиб, у янги ҳоким этиб тайинланса, унинг ортидан бўлажак ҳокимият ҳодимлари билан ишлаш бизлар учун бир қатор ноқулайликларни яратади. Сабаби, биз ҳозирги ҳодимлар билан ўтган 4 йил ичида ҳамкорлик қилиб, уларни ўқитдик, кўмак кўрсатдик. Бир-биримиз билан тил топишганмиз. Шаҳардаги муаммоларни биргаликда ҳал қилаяпмиз. Янги ходимларни ўқитиб, ўргатгунча, вақт керак бўлади” - дейди Гулгаки Мамасалиева.

Маълумот ўрнида

Бишкек шаҳар ҳокими лавозимига 5 январь куни ҳукуматнинг СДПК партияси номидан Чуй вилоятининг собиқ губернатори Кубанычбек Кулматов номзод қилиб кўрсатилган.

Бишкек шаҳар кенгашидаги "Республика" партияси ҳам аввалига партиямиз номидан номзод кўрсатамиз деб, кейинчалик сайлов адолатли ўтмайди, деган важ билан номзод кўрсатишдан бош тортди.

Ўш шаҳар ҳокимлиги номзодига эса Мелис Мирзақматов билан Ўш ва Жалолобод шаҳарларини қайта тиклаш Давлат Дирекциясининг директор ўринбосари Айтмамат Қадирбаев номзодликка от солишди.

8 январь куни Қирғизистон Давлат тил комиссияси учала номзодни ҳам қирғиз тили синовидан ўтказганидан кейин, сайлов курашининг асосий босқичи бошланди.

Бу орада, 30 декабрда, Ўш шаҳар кенгаши спикери, кўпчиликни ташкил этувчи Мирзақматов бошчилигидаги "Улуттар Биримдиги" партиясининг аъзоси Таалай Сабиров Бош вазир Жанторо Сатыбалдиевнинг буйруғи билан Давлат Архитектура ва қурилиш агентлиги бошлиғининг ўринбосарлигига тайинланган. Унинг ўрнига "Республика" партиясидан депутат Улан Примов спикер этиб сайланган ва ўша куни депутатлар собиқ ҳоким Мирзақматов бошчилигида 2013 йилда мэрия бажарган ишлар ҳисоботини қониқарли эмас, деб топганлар.

25 декабрда эса, Ўш шаҳар кенгашида кўпчиликни ташкил этувчи "Улуттар биримдиги" партияси билан кўпчилик коалицияни ташкил қилган "Замандаш Современник" партиясининг ягона депутати Жолдошев Нурадил, партия тарафидан чақиртириб олиниб, унинг ўрнига Мамбетов Камчибек депутат этиб сайланган ва ўша заҳотиёқ озчилик коалицияга қўшилган. Шундай қилиб, шаҳар кенгашидаги 45 депутатнинг 23 нафари билан кўпчилик коалиция озчиликка, қолган 22 депутатдан ташкил этган озчилик коалиция эса кўпчиликка айланган.

29 декабрда "Улуттар Биримдиги" партиясининг яна бир аъзоси Жаныш Рустанбеков ҳам, Президент Алмазбек Атамбаевнинг 2013 йил якунларига бағишланган матбуот анжуманини кўриб, унинг олиб бораётган сиёсати тўғри эканлигига ишонган ва ҳукуматга мухолиф партия сафларини тарк этишни тўғри, деб топганлиги билан изоҳлаган ҳолда партиядан чиққан.

Бу икки таниқли сиёсатчиларнинг, "Улуттар Биримдиги" партиясини кутилмаганда, ҳал қилувчи паллада тарк этишларини таҳлилчилар, давлат тарафидан уларга бўлган босимлар билан тушунтиришмоқда.

.

Бу мавзуда батафсилроқ