Тожикистонлик меҳнат муҳожири кундалигидан олтинчи ҳикоя

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek.com
Image caption Мактаб хотиралари...

Бугун азиз устозларим – мактабда менга ҳарф танитган, ёзишни ӯргатган бошланғич синфдаги муаллимам ва беш йил синфимизга раҳбарлик қилган ӯқитувчимни кӯриб келдим.

Мактаб даврини эсладик. Бошланғич синф муаллимам биринчи синфдаги шӯхликларимни эслади. Иккаламиз ҳам мириқиб кулишдик. Синф раҳбаримиз Ӯктам муаллим ҳамма фанлардан яхши ӯқиганимни, лекин адабиётга ӯзгача бир муҳаббатим бӯлганлигини айтар экан, негадир хӯрсиниб қӯйди.

Устознинг ёришган чеҳраси

Бирпасдан кейин бу хӯрсиниш сабабини тушундим. «Сен аслида адабиёт этагини тутишинг керак эди. Умиджон, сендан зӯр ижодкор чиқишига, қишлоғимиз номини бутун оламга танитишингга ишонардим», деди устозим.

Мен мактабда ӯқиётганимда шунчаки бир ҳавасга қоғоз қоралаганимни, ҳақиқий ижодкор туғма истеъдод эгаси зарур бӯлишини айтдим.

«Мен бу гапингга юз фоиз қӯшиламан. Қанийди, ҳозир бадиий сӯзнинг онасини кӯрсатаётган бозорчи китобёзарлар буни тушунишса! Уларнинг китоб деб аталган қамоғига қамалган сӯзлар аламдан бӯзлайди. Тинглайдиган, чорасини кӯрадиган одам йӯқ. Қӯзиқориндек патиллаб чиқаётган савиясиз китобларни ӯқиётган болалар, ёшлар нима бӯлади? Ғирт саводсиз, маънавиятдан етти маҳалла узоқ бӯлиб улғайишмайдими? Яна ӯша ёлғон шуҳратнинг кетидан қувганлар, авомни алдаб юрганлар, чинакам ижоднинг машаққатли ва мароқли кӯчасидан ӯтмаганларнинг ошиғи олчи, тили узун. Ӯзларига ӯхшаган шуҳратпараст қӯли узунлар томонидан таъсис этилган, умри бир пиёла чой совушидан зӯрға нари ӯтадиган мукофотларга минг хил йӯллар билан эга бӯлиб олишади. Ана ундан кейин аканг қарағай фалон мукофот эгаси бӯламан, дея дарсликка киритишларини талаб қилган, учра-шувларда ҳаммани четлаб минбарга чиқиб олиб, кӯкрагига урган, соатлаб вайсаган... »

Фото муаллифлик ҳуқуқи national domain
Image caption Достоевскийни ким ўқийди?

Мен устозимнинг сӯзларини бӯлмадим. Россияга кетмасимдан илгари, университетда ӯқиб юрган пайтимда қӯлимга устоз айтган китоблар тушган. Бир-икки варақ ӯқимасдан, сарфланган қоғозга, нашриёт ишчилари меҳнатига ачингандим.

Айни шу Ӯктам устозим менга китоб мутолаасини ӯргатганди. Унинг дарсларидан сӯнг «Ӯткан кунлар»ни, «Кеча ва кундуз»ни қайта ӯқиб чиққандим. Достоевский, Лев Толстой асарларига муҳаббатим айни шу устозимнинг бу улуғ ёзувчилар борасидаги ҳикояларидан сӯнг кучайганди.

Мен қариндошларимнинг ӯғил-қизлари, синфдошларим, танишларимнинг укалари, син-гиллари билан гаплашганимда ҳозирги ёшларнинг кӯплари китоб ӯқимай қӯйишганини сездим. Ӯқийдиган ёшларнинг кӯпчилиги эса, олди-қочди китобларга, қӯшиқ деб аталаёт-ган савияси паст, қофияли бир нималарга ӯч эканлар. Улар ҳали Достоевский, Толстой нари турсин, ӯзимизнинг ӯзбек шоир ва ёзувчиларимизни билишмас экан.

Биттасидан « Мурод Муҳаммад Дӯстни ӯқиганмисан?». деб сӯрасам, елка қисди. Аҳмад Аъзам, Эркин Аъзамни ҳам билмас экан. Хайрият, Дадахон Ҳасанов Рауф Парфининг, Шерали Жӯраев, Юлдуз Усмонова эса Усмон Азимнинг шеърларини қӯшиқ қилишган экан. Бӯлмаса, уларни ҳам билишмас эдими…

Москвадаги фарғоналик ҳамхонам Эргашалининг айтишича Ӯзбекистонда ҳам китобга муносабат биздагидан яхши эмас экан. Уч-тӯртта нуқул ур-йиқит, ӯлдир-ӯлдир, жиноятчини қидиришлар… э-э, ҳаммаси бир-бирига ӯхшаш тӯқима воқеалардан иборат китоб ёзадиганлар одамларни алдаб ётишибди, «ӯлдим-куйдим»чи қӯшиқ ёзаётганларни тани-шади, китобларини сотиб олишади, деганди куйиниб Эргашали.

«Лекин ҳадеб ёшларни китоб ӯқимасликда айблаш ҳам тӯғри эмасдир, - дедилар устозим ӯйланганларича.- Китоб ӯқиш камайганлигининг бошқа сабаблари ҳам бор. Масалан, Тожикистонда ӯзбек мактаблари учун янги тузилганми, ёзилганми, адабиёт дарсликларининг савияси ӯта паст. Устига Ӯзбекистон лотин ҳарфига ӯтди, биз кириллда қолдик. Ӯзбекистондан бадиий китоблар, «Шарқ Юлдузи»га ӯхшаш журналлар олиб келишга тӯсиқ қӯйилди…»

Мен устозим билан хайрлашаётганимда унинг бир гапи тушиб бораётган руҳиятимни бироз кӯтарди. «Ҳамма бир хил эмас. Шукр, Навоийни ӯқиётганлар бор, уйимга Абдулла Қодирийни, Чӯлпонни, Достоевскийни, Айтматовни, Маркесни сӯраб келишади…»

Устозим бу гапни айтаётганларида ёришган чеҳраларига боқар эканман, оппоқ оқарган сочлари сийраклашиб қолганини, ажинлари уч йил олдингидан беш-олти баравар кӯпайганини кӯрдим.

Етмишга кирган устозимнинг ҳамон мактабда ишлаётганларини эслаб, у кишига узоқ умр, саломатлик тиладим…

Қассобга мол қайғуси

Бомдодни энди ӯқиб бӯлгандим, кӯча томондан биров чақиргани эшитилди.

- Ишқилиб, тинчлик, яхши хабар бӯлсин-да, - дедилар онам юз-кӯзларига хавотирлик югурганича. – Тонг саҳарда ё шомдан кейин эшик тақиллатишдан чӯчиб қолганман.

Онамнинг хавотирликлари бежиз эмас экан. Икки ҳафта илгари кӯмирдан исланиб беморхонага тушган аёл вафот этибди.

- Охири бӯлмабди-да, - дедилар онам жаноза ҳақидаги хабарни эшитгач кӯзларига қайғу югуриб. – Жиянининг орқасидан кетибди.

Хушхабарнинг қаноти бор, дейишади. Лекин қайғули хабар тезроқ тарқалади. Янги йил-нинг иккинчи кунимиди, қишлоқда кӯмирдан исланган оила ҳақида гап тарқалди. Бир уй-да ётган аёл, унинг қизи ва жияни печкага ёқилган кӯмирдан ҳушларидан кетишади. Ни-магадир бу ҳовлига чиққан қӯшни аёл устма-уст чақирса ҳам ҳеч ким овоз бермагач, эшик очиб эс-ҳушини йӯқотгудек бӯлади. Уйни кӯнгилни алағда қиладиган кӯмир иси тутган, қӯшни аёл ҳам, икки қиз ҳам ҳеч нарса билмасдан чӯзилиб ётишарди.

Қӯшни тезда «тез ёрдам»га хабар беради. Қизлардан бири – аёлнинг жияни беморхонага етар-етмас жон таслим қилади. Аёлнинг қизи аҳволи енгилроқ экан, тузалиб кетади.

Шифокорлар жонлантириш бӯлимига ётқизилган аёлни сақлаб қолиш учун ҳаракат қилишади…

Онам айтганларидек «бӯлмабди-да».

Фожеа юз берган маҳаллада яшайдиганларнинг гапларига қараганда дунёдан бевақт кетган қиз эндигина ӯн саккизга кирган экан. Ота-онаси Россияда экан. Улар қизлари уйда бир ӯзи – ёлғиз қолмаслиги учун холасига ташлаб кетишган экан.

Ҳур қизнинг жасадини бир кеча-кундуз – ота-онаси Россиядан етиб келишганча сақлаб туришди…

- Бу ҳозирги кӯмирларни текширмасдан сотишадими, дейман. Битта бизнинг қишлоқда уч йилда иккинчи ҳодиса бу!

Онамнинг кӯзлари ёшга тӯлади…

Уч йил олдинги исланишдан ӯлганлар ҳақида Москвада туриб эшитгандик. Ӯшанда бир эмас, икки эмас, уч нафар ӯн олти-ӯн етти ёшдаги гулдек қиз исланиб ӯлганди…

Акамнинг айтишларича олдинлари қишлоқ мактаби ӯқитувчиларига кӯмир бепул бе-рилган, машинада уйларигача келтириб беришган экан. «Қарағандадан, Қирғизистоннинг Сулуктасидан, ӯзимизнинг Шӯробдан очиқ вагонларда кӯмир олиб келинарди. Кӯмирнинг иси кучли бӯлса, сотишга қӯйишмасди. Текширишлардан сӯнг фақат махсус ижозат бе-рилгачгина кӯмир сотиларди. Ҳозир ундай эмас. Ҳамма пулнинг кетидан қувиб кетган. Кӯмир сотилса бӯлди. Уни сотиб олган одам уйини иситадими ӯладими, сотадиганларнинг ишлари йӯқ», деди акам.

Мен шу пайт кунига уч-тӯрт марта устма-уст сигнал чалганча кӯчамиздан ӯтадиган кӯмир сотиб юрадиганларни эсладим. Кӯз олдимга қишлоқ марказидаги бозорчада қатор турган кӯмир, ӯтин ортилган машиналар келди. Олдинлари бундай ӯтин, кӯмир бозорлари йӯқ эди. Айниқса, Ӯзбекистон табиий газ бермай қӯйгач, ӯзимизда айни қишда электр таъминоти янада ёмонлашиб кетадиган бӯлгач, одамлар бобомерос сандал ва печкаларга ӯтишгач, Тожикистонда ӯтин, кӯмир бозорлари кӯпайиб кетибди.

Мен хавотир бӯлиб кӯмирхонага кирдим-да. кӯмир сифатини ӯзимча текшира бошладим…

Умид,

она қишлоғим.

Бу мавзуда батафсилроқ