Россия: имтиёзли тартиб Тожик муҳожирларига нима беради?

Россия Федерал Муҳожирлик хизмати маълумотларига кўра, 2013 йилда Россияда тахминан 1 миллион 23 минг тожикистонлик меҳнат муҳожири бўлган.

Тожик диаспораси фикрича, Россия ҳукумати томонидан тожикистонлик меҳнат муҳожирлари учун имтиёзли тартибни жорий қилиш уларнинг Россияда туришларини соддалаштирмайди, балки уларнинг ушбу мамлакатдаги ҳолатларини сезиларли қийинлаштириб қўяди.

Россия ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари охирги пайтларда Тожик муҳожирларига миллатчи кайфиятдаги гуруҳларнинг ҳужумлари кўпайганини айтади.

Ўтган йилнинг охири, 2014 йилнинг бошида Москва, Саратов, Чита, Челябинск ва Перм шаҳарларида 10 дан ортиқ тожикнинг зўравонлик оқибатида вафот этгани қайд этилган.

Шунингдек Интернет тармоқларида хорижий ишчилар таҳқирлангани акс этган ўнлаб видео лавҳалар пайдо бўлган.

"Сова" ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази келтиришича, 2013 йилда Марказий Осиёдан келган 13 меҳнат муҳожири ўлдирилган.

Муҳожирлик бўйича Тожик-Россия шартномаси ҳали кучга кирмаган ва ратификация қилиниши кутилмоқда.

Муҳожирларга муносабат

"Тожик муҳожирлари учун имтиёзлар берилиши ҳақида эълон қилинишининг биринчи куниданоқ тожикларга нисбатан қатор ҳужумлар содир этилган: номаълум кишилар Тожикистонга тегишли поездларга тошлар отишган, Россиядан депортация қилинган тожикларнинг сони ошди, деб айтган Россиядаги тожиклар иттифоқининг раиси Абдулло Давлатов. Фақат Москванинг ўзида декабр ойида тожик фуқароларига нисбатан беш қуролли ҳужум содир бўлган".

"Биз Россия оммавий ахборот воситаларидаги хабарларга қараб ҳам тожикларга нисбатан зўравонликларнинг ошганини айтишимиз мумкин", деб қўшимча қилади Давлатов. Бизнинг олдимизга тожик муҳожирлари келиб ёрдам сўрашади, ҳужумлар ҳақида гапириб беришади. Айни меҳнат муҳожирларга тартибларнинг ўзгараётгани билан ҳужумлар ҳам ошгани ҳақида айтишга барча асосларимиз бор".

Бундан ташқари, ҳуқуқ фаоллари ҳам тожикларга муносабат ёмонлашганини билдиришмоқда.

"Россияда хорижлик томонидан содир этилган ҳар қандай жиноят тожикларнинг аҳволига таъсир қилмасдан қолмайди, таъкидлайди "ЭТМОС" нотижорат ташкилотининг президенти Каримжон Ёров. Жиноятчиликка қарши кураш бошланади ва ҳеч бир айбсиз тожик муҳожирлари ортига ҳайдалади. Икки давлат раҳбарлари ўртасида имтиёзли тартиб бўйича келишув эълон қилиниши билан депортация қилинган тожиклар кўпайди. Бизнинг фуқароларимизга нисбатан Россия ҳукуматининг нохолис муносабатини сезиш мумкин".

Декабр охирида Москванинг жануби-ғарбида тожик фуқаросининг бошсиз, кўп сонли пичоқ санчилган танаси топилди.

Тожик томони қотиллик Россиядаги миллатчилик руҳидаги кишилари томонидан содир этилганига ишонади.

Россия Ички Ишлар вазирлигининг номини ошкор қилмаган вакили айтишича, суриштирув идораларининг тахминларидан бири қотилликка миллий нафрат кайфияти сабаб бўлган деб қаралмоқда.

Россия ҳукумати расмийси қидирув сири эканини айтиб, бу ҳақда бошқа изоҳ беришни рад қилган.

Бефойда имтиёз

2013 йил октябрда расмий Москва Тожик муҳожирларининг Россияда туришлари учун шартларни енгиллаштиришга тайёр эканини билдирди. Бу Тожикистондаги Россия ҳарбий базаси ҳақидаги шартноманинг имзоланиши учун шартлардан бири эди.

Ишлашга рухсат муддатини бир йилдан уч йилга ошириш ҳамда муҳожирларнинг Россияда рўйхатдан ўтмасдан 15 кунгача туришлари мумкинлиги таклиф қилинди. Шу билан бирга расмий Душанбе шартнома Россия Думаси томонидан ратификация қилинганидан сўнг кучга киришини эслатади.

"Муҳожирлар ҳали бу тартибда иш бошлай олмайди", дейди Тожикистон Меҳнат вазирлиги муҳожирлик хизмати вакили Иброҳим Аҳмадов.

Мутахассисларнинг фикрича, келишув кучга кирган тақдирда ҳам муҳожирларга катта фойда келтиришини кутиш бефойда. Кузатувчилар сўзларига қараганда, имзоланган ҳужжат барибир асосий муаммоларни - ишга рухсат олиш ва квота тизимига ўзгартириш киритишни ҳал қилиб беролмайди.

"Тожикистон-Россия ҳукуматлараро келишувни Тожик ҳукуматининг катта ютуғи деб айтиб бўлмайди", - деб ҳисоблайди "Инсон ҳуқуқлари бўйича марказ" ходими Нодира Абдуллоева. - Россияда квота тизими мавжуд экан, муҳожирларнинг асосий катта қисми бу имтиёзлардан барибир фойдалана олмасдан сояда қолиб кетаверади".

Менинг манзилим уй ҳам, кўча ҳам эмас

Федерал Муҳожирлик хизматининг маълумотларига асосан, 2013 йилда Россияда 1,23 миллион Тожик муҳожирлари бўлган. Лекин бу рўйхатга Россияга олдинроқ борган ва уни тарк этмаганлар, шунингдек Россия-Тожик фуқаролиги борлар киритилмаган. Норасмий маълумотларга кўра, Россияда миллиондан бир ярим миллионгача Тожик меҳнат муҳожирлари бор ва уларнинг аксарияти қулларча шароитда яшаб меҳнат қилишади.

Тожикистонда ҳукуматнинг муҳожирларга нисбатан аниқ мавқеи йўқлиги танқид қилинади.

Айниқса, бу масала Россия-Тожик шартномаси муҳокама қилинаётган пайт ўртага чиқди. Тожик ҳукуматидан муҳожирларнинг ҳуқуқий ҳолатини яхшилаш учун аниқ чоралар кўриш талаб қилинди. Бугун кўпчилик эришилган келишувга ишончсизлик билан қарайди.

"Гап икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ҳақида кетар экан, Тожик муҳожирлари учун қўшимча квота бериш ҳақида, турли савдо нуқталарида ишлашга рухсат, ишга рухсатномасиз уч ойгача Россияда қолиш ҳуқуқи, шунингдек солиқ шартларини енгиллатиш кабиларни келишиб олиш керак эди", дейди Россиядаги Тожикистонликлар иттифоқи раиси Абдулло Давлатов.

Давлатовнинг сўзларига кўра, Тожик ҳукумати ўз фуқароларининг муаммоларидан кам хабардор ва шунинг учун уларга аниқ имтиёзлар олиб беролмайди.

"Душанбе ўзининг муҳожирларга фойдаси деярли йўқ келишуви билан аҳолини алдади. Бунинг ҳаммаси Президент Раҳмон гуруҳининг нопрофессионал ва самарасиз менежментини кўрсатади", деб айтади Давлатов.

Тожикистон Меҳнат вазирлиги бу фикрларга қўшилмайди.

Муҳожирлар бўйича Россия-Тожик музокаралари натижаларини тарихий деб биламиз, - дейди вазирликнинг матбуот хизмати котиби Абдулло Қодирий. - Лекин шуни унутмаслик керакки, Россия мустақил давлат ва ҳар қандай қонунни, жумладан муҳожирлик соҳасида ҳам ўз манфаатларидан келиб чиқиб қабул қилишга ҳақли. Биз ўз фуқароларимизни ишлашга боришдан олдин аниқ тайёргарлик ва мутахассислик билан йўлга чиқишларини маслаҳат берамиз".

Расмий ҳисоб китобларга қараганда, Тожикистонлик меҳнат муҳожирлари хориждан ўтган йил 3,8 миллиард доллар маблағ жўнатишган. Бу мамлакат Ялпи Ички маҳсулотнинг 47 фоизини ташкил қилган. Таҳлилчиларнинг фикрича, бу пулларсиз мамлакат жиддий ижтимоий ўзгаришларга тўқнаш келган бўларди.

Бу мавзуда батафсилроқ