Қирғизистон: қирғиз ва ўзбек ёшлари ўртасидаги жанжал олди олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Askar Baimuratov
Image caption Ёшлар ўртасидаги жанжални ички ишлар ходимлари бартараф этишган

Қирғизистон жанубидаги Боткен вилоятида қирғиз ва ўзбек ёшлари ўртасида жанжалнинг олди олинган.

Расмийларга кўра, ички ишлар ходимлари ўз вақтида жанжални бартараф этишга муваффақ бўлган.

Ички ишлар мулозимларига кўра, ўзбек ва қирғиз ёшлари ўртасидаги низо Боткен вилояти Лайлак туманининг Оқсув қишлоғида юз берган.

Боткен вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар беришича, жанжал икки нафар ёш йигит ўртасидаги келишмовчиликдан бошланган.

Тез орада ҳар икки миллатдан 200 га яқин ёшлар тўпланганлар, бироқ ҳуқуқ тартибот идораларининг зудлик билан аралашиши туфайли катта жанжалнинг олди олинган.

Ички ишлар ходимлари ҳозирда аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб борилаётганини билдирганлар.

Оқсув қишлоғига Лайлак тумани ва Сулукта шаҳарларидан қўшимча кучлар юборилган.

Ички ишлар ходимларига кўра, ёшлар ўртасидаги жанжалда ҳеч ким жароҳат олмаган.

Айни дамда ҳодиса юзасидан тергов иши қўзғатилган.