Қарағанда йўлида 50 нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожири қутқарилди

Қозоғистон Фавқулотда вазиятлар вазирлигининг маълумотига кўра, 22 январ куни маҳаллий вақт билан 23:25 да Тошкент - Нижний Новгород йўналиши бўйлаб кетаётган автобус йўловчилари қутқариб қолинган.

Автобус ичида 50 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлгани айтилмоқда. Улар Россияга ишлаш мақсадида кетаётган бўлган.

“Автотобуснинг тўхтаб қолишига электр ускунасидаги носозлик сабаб бўлган. Бизга хабар келиб тушиши билан қутқарувчилар 10 дақиқанинг ичида ҳодиса жойида бўлишди. Чунки ҳодиса бизнинг қутқарув штабимиздан унча узоқ бўлмаган жойда содир бўлган. Йўлда қолганларни Ақсу-Аюли поселкасидаги спортзалга жойлаштирилди. Жабрланган йўқ”, - дейди Қарағанда вилоят фавқулотда вазиятлар департаменти матбуот котиби Қуаниш Муталлапов.

Матбуот котиби автобус ичида ёш болалар йўқлигини маълум қилди. Унга кўра Қарағанда вилоятида ўзбекистонлик йўловчиларнинг йўлда қолиб кетиш ҳоллари кўпроқ қиш кунлари содир бўлади. Ўтган қиш мавсумида Қарағанда вилоятида бир неча марта шундай ҳолат рўй берган

2012 йилнинг 1 декабр куни Ақмўла вилоятида кучли қор бўрони натижасида йўлда қолиб кетган 50 нафар ўзбекистонлик қутқарилган эди.

Қозоғистон ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Россияга қуруқлик орқали қатнашда асосий йўли ҳисобланади.

Энг арзон транспорт воситаси бўлмиш автобус хизматидан меҳнат муҳожирлари кенг фойдаланади.

Қозоғистон йўлларида одамларнинг ҳалок бўлишига олиб келувчи йирик автоҳалокатлар тез-тез содир бўлиб туради.

Ҳайдовчиларнинг тажрибасизлиги, рулда ухлаб қолиши, йўл сифатининг ёмонлиги ва аксар йўлларнинг фақат икки йўналишга эгалиги ҳалокатларга бош сабабчи қилиб кўрсатилади.