Қирғиз-Хитой чегарасида отишма рўй берди

Image caption Яқинда Тожикистон билан чегарадаги вазият кескинлашгани хабар қилинганди

Қирғизистон ҳукумати Иссиқкўл вилоятининг Хитой билан чегарадош ҳудудида рўй берган отишма ортидан фавқулодда қароргоҳ ташкил қилган.

Мазкур гуруҳга Бош вазирнинг хавфсизлик, ҳуқуқ-тартибот ва чегара масалалари бўйича ўринбосари Тўкон Мамитов раҳбарлик қилмоқда.

Қирғизистон тупроғида ноқонуний пайдо бўлган номаълум қуроллилар масаласи ҳукумат фавқулодда йиғини муҳокама этилган.

"Биз ҳамон ўз ҳудудимизга бостириб кирганлар кимлигини билмаймиз", деб айтган Тўкон Мамитов.

Мамитовнинг сўзларига кўра, ҳукумат махсус йиғини натижалари ва қарорлари бугун эълон қилинади.

Ҳозирча, ҳукумат Қирғиз-Хитой чегарасидаги можарога боғлиқ алоҳида баёнот эълон қилмаган.

Отишма

Давлат чегара хизмати ижтимоий алоқалар бўлимига кўра, ҳодиса бугун эрталаб Хитой билан чегарага туташ ҳудуддаги "Оқ-Шийрак" чегара нуқтаси атрофида юз берган.

Маълум қилинишича, аввалроқ номаълум шахслар Иссиқкўл вилояти Овчилар жамғармаси раҳбари Александр Барикинни ўлдириб, милтиғини олиб кетишган.

Ҳодиса жойига чегарачилар етиб боришаркан, уларга қарата қуроллилар тарафидан ўқ узилган.

Оқибатда қуролли гуруҳ таркибида бўлган икки шахс отиб ўлдирилган. Аммо, жароҳатланганлар ва ҳалок бўлганлар сони борасидаги маълумотлар ҳамон аниқ-равшан эмас.

Айни пайтда расмийлар "экстремистлар" ва "бўлгинчилар" дея таърифлаётган шахсларни "қўлга олиш" ёки "йўқ қилиш"га қаратилган амалиётлар учун ҳодиса жойига Чуй чегара хизматининг махсус бўлинмаси йўлланган.

Иссиқкўл вилояти тиббиёт идорасининг маълум қилишича, Жети-Ўғиз туманидан можаро рўй берган жойга тиббий тез ёрдам машинаси жўнаб кетган.

Вилоят ҳокими Эмилбек Каптагаев ва бошқа расмийлар ҳам ҳодиса жойига йўл олганлари хабар қилинади.

Расмий маълумотга биноан, қуроллилар ҳамон "Пикертик" исиниш масканида яшириниб олишган.

Ҳозир улар Қирғизистон чегарачилари қуршовида эканлари ва ҳозир таслим бўлиш борасида музокара олиб борилаётгани ҳақида хабар қилинади.

Бу мавзуда батафсилроқ