Қирғиз-Хитой чегарасида ўлдирилган 11 киши Уйғурлармиди?

Қирғиз чегара қўриқчилари

Қирғизистон расмийларига кўра, Хитой чегарасига яқин жойда номаълум жиноий гуруҳнинг 11 аъзоси ўлдирилган.

Қирғизистон чегара хизмати бошлиғи вазифасини бажарувчи Раимберди Дуйсенбаевнинг Би-би-сига айтишича, биринчи бўлиб қуролланган шахслар Иссиқкўл вилоятидаги овчилик бўлими раҳбарини ўлдирганлар.

Жаноб Дуйсенбаев сўзларига кўра, мамлакат шимоли-ғарбидаги ҳудудда қуролли гуруҳ аъзолари портловчи моддаларни ишга солганлар ва айрим биноларга ўт қўйганлар.

"Биз олган ахборотга кўра, Пикретик ҳудудидаги ҳарбий базага 10-12 та номаълум шахсларни кўришгани ҳақида чегара қўриқчиларига маълумот келиб тушган", деб айтди Қирғизистон чегара хизмати бошлиғи вазифасини бажарувчи Раимберди Дуйсенбаев.

Ҳодиса жойига етиб борган ҳарбийлар гуруҳ 11 кишидан иборат эканини аниқлаган.

"Номаълум гуруҳ овчилик бўлими раҳбарини пичоқлаб ўлдирган", деб айтган Қирғиз чегара хизмати раҳбари.

Жаноб Дуйсенбаевга кўра, ўртада отишма келиб чиққан ва гуруҳнинг икки аъзоси ўлдирилган.

"Гуруҳ бино ичкарисига кириб яширинган. Тез орада 10 чегара қўриқчиси етиб келган ва гуруҳнинг қолган тўққиз аъзосига таслим бўлиш буйруғини берган. Бироқ улар бунга ўқ отиш билан жавоб қайтарган ва шундан кейин улар йўқ қилинди", деб айтган Райимберди Дуйсенбаев.

Жаноб Дуйсенбаевнинг айтишича, дастлабки тергов хулосаларига кўра, қуролланган шахслар қўшни Хитойдан Қирғизистон ҳудудига ўтган этник Уйғурлар бўлиши мумкин.

Лекин бу даъвони мустақил манбадан тасдиқлатиш имконсиз.

Айрим хабарларда бу одамлар браконьерлар ёки ноқонуний гиёҳванд моддалар ташиш билан шуғулланадиган одамлар бўлишлари мумкинлиги хабар қилинмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ