'ЎшТВ' ходимлари норозилик намойиши ўтказди

3 феврал куни Қирғизистон жанубидаги Ўш шаҳрида “ЎшТВ” телекомпанияси жамоаси Миллий Хавфсизлик давлат қўмитасининг вилоят бошқармаси биноси олдида норозилик намойиши ўтказган.

Намойишда телеширкатнинг ўттизга яқин ходими қатнашган.

Улар телекомпанияга қарши Миллий хавфсизлик қўмитаси бошлаган амалларни "Сўз эркинлиги чеклаш" дея норозилик билдирганлар.

Январ ойи охирида “ЎшТВ” телекомпаниясига қарши Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан жиноий иш қўзғатилган ва телеширкат биносида тинтув ўтказилган.

Мазкур оммавий ахборот воситаси "миллатлараро ва ҳудудлараро низо қўзғаш"да айбланаётгани хабар қилинган.

Телеширкат ходимлари намойишда оғизларига скотчлар ёпиштирганлар ва шу боис биронта талабни оғзаки изҳор этмаганлар.

Улар қўлларида "Бош кесилса-да, тил кесилмас!» деган шиорлар ва Қирғизистоннинг оммавий ахборот воситалари хақидаги қонунидан иқтибослар ёзилган варақалар кўтариб туришган.

Би-би-си билан суҳбатда Эрнис Киязов у раҳбарлик қилган "ЎшТВ" телеширкатига нисбатан амалларни сўз эркинлигини чеклаш ва цензурани қайта ўрнатиш ҳаракати, деб тасвирлаган.

Жаноб Киязов сўзларига кўра, бу ҳаракатлар Қирғизистон конституциясига зиддир.

Тележурналистлар Миллий хавфсизлик давлат қўмитасини музокарага чақирганлар, лекин махсус хизмат идорасидан намойишчилар олдига биронта мулозим чиқмаган.

Хавфсизлик идораси норозилик амалиёти иштирокчиларини тасвирга олган.

29 январ куни "ЎшТВ" телекомпаниясига қарши Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан жиноят иши қўзғатилган.

Икки кундан сўнг маҳкама қарори билан телекомпания биносида тинтув ўтказилган.

Миллий хавфсизлик идорасининг матбуот зобити Роҳат Сулаймонов "ЎшТВ" телеширкатига қарши жиноий иш қандай асосда қўзғатилганлигини баён қилиб берди:

- Қирғизистон Жиноят кодексининг 229-моддасининг биринчи қисмига муносиб “ЎшТВ” телевизион ширкати "миллатлараро ва ҳудудлараро низо қўзғатиш"да айбланмоқда. 2014 йилнинг 8 январидан 15 январигача “ЎшТВ” телеканали орқали “Бағыт” («Йуналиш») ва “Күн чабыт” («Кун ҳодисалари») кўрсатувларини тўғридан-тўғри эфирга узатиш чоғида мамлакат аҳолисини ҳудудий жиҳатдан ажратишга чақирувчи хабарлар тарқатилган, - деди хавфсизлик мулозими.

Лекин телекомпания раҳбари Эрнис Киязов эфирда бундай хабарлар тарқатилмаганини таъкидлаган.

1990 йиллар бошида собиқ Совет Иттифоқиги илк мустақил телерадиокомпания сифатида ташкил этилган “ЎшТВ” телеширкатига маҳаллий тадбиркор Ҳалилжон Худойбердиев асос солган.

2010 йилнинг июнь ойида Ўш ва Жалолободда юз берган миллатлараро низолар ортидан, “ЎшТВ” телекомпанияси Ўш шаҳар ҳокими Мелис Мирзакматовнинг қўлига ўтган.

Ҳалилжон Худойбердиев эса қонли воқеаларни уюштирганликда айбланиб, Қирғизистонни тарк этишга мажбур бўлган.

“ЎшТВ” телекомпаниясига алоқадор 2010 йилнинг июнь ойида содир этилган миллатлараро қонли низолардан олдин ҳам, кейин ҳам қатор айбловлар илгари сурилган.

Олдин телеширкат "миллатлараро низо қўзғатиш"да ва Қирғизистондаги Ўзбеклар раҳбари Қодиржон Ботиров манфаатида сиёсат юритганликда айбланган.

Кейин «ЎшТВ» Ўш шаҳри ҳокими Мелис Мирзакматов назоратига ўтгандан кейин расмий Бишкек томонидан фақат шаҳар раҳбарининг хусусий ахборот воситасига айланиб кетганликда ва якка-ягона амалдор манфаатида фаолият юритган"ликда айбланган.

Ўш шаҳри ҳокими алмашгунча марказий ҳокимиат томонидан қатъий танқидга олинган.

“ЎшТВ” телекомпаниясининг эгаси ва Ўш шаҳри собиқ ҳокими Мелис Мирзакматов ушбу лавозимга янги арбоб сайланишига боғлик сайловолди ташвиқот тадбирлари пайтида "давлат раҳбарига қарши баёнотлар қилиб, ташвиқот ишлари олиб бориш"да ва "давлатда ҳудудлараро ажратиш ҳаракатларини амалга ошираётганлик"да айбланган.

Бу мавзуда батафсилроқ