Душанбе: журналистларга таҳдид қилган амалдор ишдан кетди

"Тожикистон темир йўллари" ширкатининг раҳбари Амонулла Ҳукумов вазифасидан бўшатилган.

Би-би-сининг Тожикистондаги мухбири хабар қилишича, Ҳукумовнинг ишдан кетишига расман саломатлиги боис пенсияга чиққанлиги деб кўрсатилган.

Тожикистон темир йўлларининг янги раҳбари этиб "Рохсоз" ширкатининг собиқ раиси Асад Зойиров тайинланган.

Мустақил манбаларга кўра, Ҳукумовнинг ўтган ҳафтада "ИмрузNews" журналистларига қилган таҳдиди боис олинган бўлиши мумкин.

Амонулла Ҳукумов ўғиллари тўғрисидаги жанжалли мақолаларни босган "ИмрузNews" ходимларига бундан буён эҳтиёт бўлиб ёзишларини, акс ҳолда ҳаётлари хавф остига қолиши билан огоҳлантирган.

2013 октябрда Ҳукумовнинг 16 ёшли ўғли Расул Душанбеда катта йўл ҳаракати ҳодисасига сабабчи бўлган.

Оқибатда уч киши ҳаётдан кўз юмган ва уч нафари жароҳат олган.

Айтилишича, Расул Ҳукумовнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмай туриб машина ҳайдаган ва тезликни оширган. Ушбу ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари давом этаётгани айтилади.

"Тожикистон темир йўллари" ширкати собиқ раҳбарининг катта ўғли Рустам Хукумов бир неча йил олдин Россияда катта миқдордаги гиёҳванд моддалар билан қўлга тушган.

Бироқ Тожикистонда ҳибсга олинган россиялик учувчи Владимир Садовничевни мамлакатига қайтариш эвазига озод этилган.

Ўз навбатида Россия ва Тожикистон расмийлари Ҳукумов ва россиялик учувчиларнинг бир вақтда озод этилиши шунчаки тасодиф эканлигини билдиришган.