Тожиклардан миллий фамилияларига қайтиш сўралмоқда

Image caption Тожикистон Президенти ўзини отасининг исми билан Эмомали Раҳмон, деб аталишини сўраган.

Тожикистон тил ва терминология қўмитаси раиси Гавҳар Шарофзода тожикларни руслаштирилган фамилияларидан воз кечишга чақирган.

Унинг сўзларига кўра, миллий фамилияга қайтиш мамлакат фуқароларининг миллий қарзи ҳисобланади.

Бундан олдин Тожикистон Бош прокурори Шерхон Салимзода ҳам руслаштирилган исм-шарифларга қайтиш борасида ўз хавотирларини билдирган эди.

Салимзоданинг таъкидлашича, кўпгина тожик талабалари аввалги фамилияларига қайтаришни сўраб мурожаат қилганлар.

Таҳлилчилар Россия ўқув юртларига таҳсил олишга борувчи талабалар русларникига ўхшаган исм-фамилия олиш тарафдори эканини айтишади.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон бир неча йил олдин мамлакат аҳолисини ўзларининг тарихий анъаналарига қайтишни, исм ва фамилияларини тожик миллатига мос қилиб ўзгартиришга чақирган.

Бунга намуна сифатида ўзи биринчилардан бўлиб исми шарифини Эмомали Раҳмонов эмас, отасининг исми билан Эмомали Раҳмон, деб аталишини сўраган.

Президент ортидан бирин-кетин ҳукуматнинг бошқа аъзолари ҳам фамилияларини ўзгартиришган.

Бироқ аксарият фуқаролар амалдорлардан фарқли равишда, аввалги фамилиялари билан ажралишга шошилишмаяпти. Улар эски совет паспортларини авайлаб сақлашади.

Мақолалар давлат тилида чиқиши керак

Айни пайтда Тил ва терминология қўмитаси ҳуқуқ бўлими раҳбари Шодмон Мансуров мамлакатда оммавий ахборот воситалари кўпроқ давлат тилида олиб борилиши кераклигини айтди.

"Мисол учун "Азия-Плюс" ижтимоий-сиёсий газетаси 30 фоиз давлат тилида иш олиб бориши лозим, бироқ нашр ҳали ҳам тўлиқ рус тилида чиқади", деди Шодмон Мансуров журналистларга.

Шунингдек, "Азия -Плюс" дохил бир қанча нашрлар хорижий номлар билан аталади. Бошқа тилларни ишлатиш қонун билан тақиқланмаган, чекланмайди. Лекин матбуот воситаси қайси мамлакатга талуқли бўлса, қонун асосида давлат тилида ҳам иш юритиши лозим", дейди у.