Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қозоқ тангаси нега қадрсизланди?. Иқтисодчи шарҳи

Қозоғистонда доллар нархи бирданига 20 фоизга қимматлаган.

11 февралдан бошлаб бир АҚШ доллари 185 тангага сотилмоқда.

Қозоғистон Миллий Банки танганинг айирбошлаш курсини олдинги даражада ушлаб туришдан воз кечгани ва валюта нархларини белгилаш жараёнига аралашувни камайтириш ниятида эканини маълум қилган.

Бундан қозоғистонлик экспортчиларнинг фойда қўриши айтилмоқда, аммо импортнинг қимматлаши нарх-навонинг ошиб кетишига олиб келиши борасида хавотирлар ҳам йўқ эмас.

Аммо Остонадаги Овросиё университетининг иқтисод бўйича доценти Сапарбой Жубаевнинг айтишича, Қозоғистон Миллий Банки танга нархини ушлаб туриш учун етарли валюта заҳираларига эга.

Унинг сўзларига кўра, импорт нархларининг ошиб кетиши борасидаги хавотирлар ҳам асоссиз.

"Бугунги ажиотаж Қозоғистон Миллий Банки қабул қилган қарорнинг психологик таъсиридир. Қозоғистоннинг ўзидаги нарх-наво ўзгармайди, четдан келадиган маҳсулотлар эса, қайтага озроқ арзонлаши ҳам мумкин. Миллий банк шу йўл билан республикадан валютанинг чиқиб кетишининг олдини олади", - дейди иқтисодчи.

Унинг айтишича, Ўзбекистон сотиб оладиган қозоқ уни ва нефт маҳсулотларининг нархи кўтарилмайди.

"Ўзбекистон билан савдо долларда бўлгани учун бу нархларга таъсир қилмайди", - дейди қозоғистонлик иқтисодчи.