БМТ эксперти: "Тожикистон сиёсат ва ҳақиқий воқеълик ўртасидаги жарликка барҳам бериши керак"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption БМТ расмийси Тожикистондаги қийноқ ҳолларини бартараф этиш йўлида ишлашда давом этишга ундади

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қийноқлар бўйича маърузачиси Хуан Мендез Тожикистон ҳукуматини қийноқлар ва номақбул муносабатларни тўхтатиш йўлидаги сиёсатларини амалга тадбиқ этишга ундаган.

"Тожикистон ҳали ҳам сиёсат ва ҳақиқий воқеълик ўртасидаги жарликка барҳам бериш йўлида ишлаши керак", деб айтган жаноб Мендез.

БМТ эксперти бу ҳақда Тожикистонга қилган уч кунлик сафари ниҳоясида гапирган.

Хуан Мендез Тожикистонга 2012 йилги тавсиялари амалга нечоғлиқ тадбиқ этилаётганини ўрганиш мақсадида борган.

БМТнинг юқори мартабали расмийси Тожикистонда ўз "тавсиялари жиддий олингани ва баъзиларини амалга тадбиқ этиш учун ҳукумат тарафидан доимий саъй-ҳаракатлар" йўлга қўйилганидан бениҳоя қониқиш ҳосил қилганини айтган.

Жаноб Мендез, айниқса, унинг маслаҳатларидан фойдаланиш йўлида қийноқларга миллий дастур қабул қилинганини хушқаршилаган.

"Аммо, мен ушбу дастурни тузиб чиқиш ва ижро этишда фуқаролик жамияти билан маслаҳатлашилмаганидан афсусдаман", дейди у.

Қийноқлар бўйича мутахассис мазкур дастурнинг айрим нуқталарида мавҳумликлар мавжудлигини эътироф этади ва фуқаролик жамияти билан кўпроқ ҳамкорликни йўлга қўйишга чақиради.

Айни пайтда Хуан Мендез қийноқ сўзига ойдинлик киритишга имкон берадиган, Қийноқларга қарши конвенция доирасида қабул қилинган янги қонун ва Олий маҳкаманинг қийноқларни олдини олишни кафолатловчи фармонини олқишлаган.

Аммо, унинг таъкидлашича, Тожикистонда қийноқлар ва номақбул муносабатлар учун жазо бериш ҳоллари кўпайиши лозим.

БМТ расмийси вақтинчалик ҳибсхоналар ва жазони ўташ муассасаларида қийноқлар мавжудлиги борасидаги хабарларга қарамай, кейинги 2 йил ичида фақат 4та ҳолат устидан жиноий иш очилгани етарли эмаслигини айтади.

Унга кўра, ҳукумат қонунлар ва сиёсатлар амалда жиддий ўзгаришлар ясагунига қадар ишлашда давом этиши лозим.

Бу мавзуда батафсилроқ