Россия паспортини олиш талабалар ва тадбиркорлар учун енгиллашади

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Россия фуқаролигини олаётган марказий осиёликлар сони йилдан-йилга кўпаймоқда

Россия олий ўқув юртларида таълим олган ва мамлакатда уч йил ишлаган хорижликлар учун Россия фуқаролигини олиш жараёни енгиллаштирилиши мумкин.

Россия Федерал Миграция хизматидан Би-би-сига билдиришларича, бу борадаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган ва у февраль охирида парламент муҳокамасига қўйилади.

Қонунга ўзгартиришлар, шунингдек, Россияда камида уч йил ишлаган ва камида 10 миллион рубль ишлаб топган тадбиркорларга фуқаролик берилишини кўзда тутади.

Шунингдек, Россиядаги ширкатда камида 10 фоиз акцияларга эга сармоядорлар ҳам Россия паспортини олишлари мумкин. Бу ширкатнинг низом капитали камида 100 миллион рубль бўлиши керак.

“Коммерсант” газетаси экспертларига кўра, Россия фуқаролигини олиш билан собиқ СССРдан келган саноқли тадбиркорлар ва миллионлаб талабалар қизиқиўи мумкин.

“Овросиё монитори” тадқиқот маркази кўрсаткичларига биноан, Россияга яшаш учун кўчиб ўтишни авваламбор Тожикистон (33%), Қирғизистон (30%) ва Молдавия (29%) фуқаролари афзал кўради.

2013 йилда Россияга яшаш учун энг кўп фуқаролар Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан келганлар.

ФМХга кўра, 2013 йилда Россия фуқаролигини 135 минг хорижлик олган. Бу 2012 йилги кўрсаткичдан 45 минг кўпроқдир.

ЦИРКОН тадқиқот маркази раҳбари Игор Задорин Россияда таълим олган хорижлик Россия учун фойдали бўлиши мумкинлигини айтади.

Аммо, унга кўра, ҳозирги таълим соҳасидаги шароитлар ҳисобга олинса, сохта диплом олиб, фуқароликни ҳам сотиб олиш мумкин бўлади.

Парламент аъзоси, КПРФ партияси раиси ўринбосари Валерий Рашкин ҳам ўз хавотирларини изҳор қилди.

“Марказий Осиёдан келаётган хорижий талабалар, гастарбайтерлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Кўплар учун бу қонундаги ўзгаришлар Россия паспортини олиб олиш учун яна бир тирқишни очиб беради,” – дейди у.