Қирғиз чегарачиларига отдан фойдаланиш таклиф қилинмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Чегарачиларга велосипед ва от ҳақидаги ҳазил-ҳузул ёқмаслиги мумкин.

Қирғизистон парламенти депутати Ирина Карамушкина чегарачиларга велосипеддан кўра, от сотиб олишни таклиф қилиб чиқди.

"Нима учун чегарани айланиб чиқиш учун чегарачилар от сотиб олишмайди? Бизнинг жойларимиз учун от кўпроқ мос келади, деб айтган Карамушкина хоним.

Бунга жавобан парламентдаги ҳамкасбларидан бири Эркин Сакебаев ҳазил тариқасида айтдики, "чегарачиларга от сотиб олинса, улар отни еб қўйишади. Сабаби бир кунда уларга 60 сом(1 доллардан сал кўпроқ) ажратилади".

Ўтган ёзда маҳаллий оммавий ахборот воситаларига интервью берган Чегара хизмати раҳбари Қурманакун Матенов чегара ҳудудларини пиёда кезиб чиқишга тўғри келаётган чегарачиларга велосипед сотиб олиш режасини билдирган.

"Чегарачиларга бензин етишмас экан, яхшиси улар у ёқ-бу ёққа пиёда чопмасликлари учун велосипед тақдим қилиш керак", - деган полковник Матенов.

У, шунингдек, чегарачиларнинг ҳаёт шароитини яхшилаш мақсадида отлар сотиб олиш, ошхона ва ҳаммом қуриб бериш режалаштирилганини айтган.

Маблағ етишмаслиги

Чегарачилар учун велосипед олиш ғояси Мудофаа вазири Талайбек Омуралиевнинг мурожаати билан бир вақтда янграган.

Мудофаа вазири армияни моддий таъминлаш қийинчиликлари ҳақида гапирган.

Парламент мажлисида гапирган мудофаа вазири республика армияси жиддий молиявий муаммолар билан тўқнаш келаётганини маълум қилган.

"Бюджет пули охирги 20 йилда битта ўққа, бир дона тўппончага ҳам ишлатилмаган. Совет Иттифоқидан қолган техникаларни таъмирлаб юрибмиз",- деган жаноб Омуралиев.

Унинг сўзларига кўра, Молия вазирлиги ажратган маблағ фақат ҳарбий кийим ва овқатланишга етади, холос.

Вазир, шунингдек, 2014 йил апрелидан Қирғизистон армиясини Россия техника билан таъминлай бошлашини билдирган.

2013 йил кузидаги келишувга биноан, Россия Қирғизистонга 1 миллиард доллардан ортиқ баҳодаги ҳарбий-техника воситаларини етказиб беришни ўз зиммасига олган.

Муаммоли чегара

Қирғиз чегарачиларининг ўзларига велосипеду-от ҳақидаги ҳазил-мутойибалар ёқиши даргумон.

Бутун Марказий Осиёдаги чегарани қўриқлаш масаласи жиддий муаммолигича қолмоқда.

Кўп йиллик баҳсу-тортишувлар сабаби ҳудудий ва сув-ер масаласи борасида бўлиб, вақти-вақти билан чегара туманларидаги аҳоли орасида можароларни келтириб чиқаради.

Тожик-қирғиз чегарасидаги охирги тўқнашув шу йилнинг январ ойида содир бўлди.

11 январдаги отишмада камида саккиз чегарачи турли даражадаги тан жароҳатлари олгани айтилди.

Тожик ва қирғиз чегарачилари орасида бошланган даҳанаки жанг отишмагача етиб борган.

31 январда Тожикистон ва Қирғизистон расмийлари ўртасида имзоланган протоколга кўра, томонлар қуролли кучларни тожик-қирғиз чегарасидан чиқаришга келишганлар.

Душанбе ва Бишкек умумий чегараларни аниқлаш жараёнини тезлаштириш ҳақида билдиришган.

Чегара борасидаги битим томонларнинг Бишкек учрашувида келишилган.

Бу мавзуда батафсилроқ