Асқар Акаевнинг куёвини Москвада яна ҳибсга олишган

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Акаевнинг куёви бир ҳафтада иккинчи марта Москвада ҳибсга олинган.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Акаевнинг куёви Адил Тойганбаев Россия пойтахти Москвада ҳибсга олинган.

Бунга 2005 йилда Қирғизистон ҳукуматининг сўрови билан Тойганбаевга нисбатан Интерпол тизими бўйича қидирув эълон қилингани сабаб бўлган.

Жаноб Тойганбаев охирги бир ҳафта мобайнида иккинчи бор қўлга олинган.

9 феврал куни у Москванинг Шереметьево аэропортида ушланган, 48 соатдан кейин қўйиб юборилган эди.

Қатор Россия оммавий ахборот воситаларига Адил Тойганбаевнинг адвокати Николай Полозов айтишича, Қирғизистон собиқ президенти куёви автомобил ҳайдаб кетаётганида йўллларда ҳаракатланиш хавфсизлиги полицияси ходимлари томонидан тўхтатилган.

Ҳайдовчи ҳужжатларини текшириш пайти унинг Интерпол қидирувида экани аёнлашган.

Қирғизистон прокуратураси 2005 йил августида Адил Тойганбаевга халқаро қидирув эълон қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи YOSHIKAZU TSUNOAFPGetty Images
Image caption Қудратдан ағдарилганидан кейин собиқ президент Акаев ва унинг қариндошларига қарши жиноят ишлари қўзғатилган.

Унга фирибгарлик, мулкни ўғирлаш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш айбловлари қўйилган.

Адил Тойганбаев Асқар Акаевнинг қизи Бермет Акаеванинг турмуш ўртоғи.

2005 йилда президент Асқар Акаев қудратдан ағдарилганидан кейин унинг ўзи ва қариндошларига қарши жиноят ишлари қўзғатилган.

Жаноб Акаев бошқарувига қарши норозиликлар юзага келишига унинг рафиқаси, ўғли ва бошқа қариндошларининг ноқонуний амаллари ҳам сабаб бўлган эди.

Академик Асқар Акаев ҳозир Москва Давлат университетида ўқитувчилик қилмоқда.

Унинг куёви Адил Тойганбаевнинг Қозоғистон фуқароси экани хабар қилинади.

Жаноб Тойганбаев бундан олдин Қозоғистонда ҳам ҳибсга олинган, унинг доимий яшаш жойи Қозоғистондир.

Бу мавзуда батафсилроқ