Қозоғистонда йирик банклар касодга учраши ҳақида хабар тарқалган

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Сурат i-news.kz сайтидан олинди

Қозоғистонда йирик банкларнинг касодга учраши ҳақидаги миш-миш мижозлар орасида саросима уйғотган. Whats App дастури орқали номаълум шахслар томонидан юборилган ушбу хабарлар одамлар орасида зудлик билан ёйилган ва хавотирга тушган мижозлар банкдан омонатларини қайтариб олиш ҳаракатига тушишган.

Қозоғистон Миллий банки раиси ушбу хабарларда асос йўқлигини айтмоқда ва мижозларни бу каби иғволарга ишонмасликка чақирди.

Қозоғистоннинг молиявий маркази бўлмиш Олма отада сешанба куни тонгда "Касби Банк", “ЦентрКредит” ва “Альянс банк”ларнинг касодга учраши мумкинлги борасидаги миш-миш Whats App дастури орқали тез суръатда билан тарқала бошлаган.

Касби Банкнинг мижози Улуғбек бу хабарни Whats App дастури орқали билган таниши билдирганини айтади.

“Бу хабарни менга турмуш ўртоғим айтди. Унинг дугонаси Whats App орқали ўқибди, кейин бизга маълум қилди”, дейди Улуғбек.

Хабар тарқалиши ортидан шаҳардаги ушбу банкларнинг бўлинмалари омонат пулларини олиш истагини билдирган одамлар билан тўлган. Интернет сайтларига қўйилган расмларда банкдаги омонат пулларини олиш учун турган мижозлар навбатининг ташқаригача чиқиб кетганини кўриш мумкин.

Улуғбекнинг айтишича, мижозлар банклар касодга учраб ўз пулларини ололмай қолишликдан қўрққан.

“Яқинда иш билан бир банкнинг олдидан ўтдим. Банк олдида жуда кўп асабийлашган одамлар турарди. Ўша ердагиларнинг айтишича, тангада қўйилган омонатларни қайтаришмоқда. Бироқ валюта ёки мултивалютада қўйилган пулларни беришмаётган экан”, - дейди Улуғбек.

Миш-мишлар ортидан омонатларни қайтариб олишга шошилаётган мижозларни тинчлантириш учун Миллий банк раиси журналистлар олдига чиқиб баёнот беришга тўғри келди. Қайрат Келимбетов ушбу миш-мишлар ортидан омонатдор банк мижозлари орасида саросимали талаб келиб чиққанини қайд этди.

“Миллий Банк ушбу маълумотнинг ёлғон, исботланмаган, иғвогарона эканлигини ва мамлакатимиздаги банк тизимини беқарорлаштиришга йўналтирилганини тасдиқлайди. Миллий банк керакли ҳуқуқ-тартибот органларига ушбу провакацион ҳаракатларни тўхтатиш ва олдини олишни сўраб мурожаат қилди”, - дейди Қайрат Келимбетов.

Келимбетов жаноблари Қозоғистон банкларида ҳам миллий ҳамда хориж валютасида маблағлар етарли эканлигини таъкидлади. Бироқ, зарур ҳолда Миллий банк муаммони бартараф этиш учун дастаганини аямаслиги маълум қилди.

Миллий банк раиси одамларни бу каби иғвога учмасликка ва тинчликни сақлашга чақирди.

Касодга учраши башорат қилинган Касби Банк ушбу хабарларда асос йўқлигини айтиб чиққан ва миш мишларни тарқатаётган одам ҳақидаги маълумотга 100 миллион танга ёки 543 минг доллар мукофот пули ваъда қилган.

Қозоғистон банкларининг касодга учраши ҳақидаги хабар мамлакатда миллий валюта бўлмиш танганинг қарийб 20 фоизга қадрсизланиши ортидан пайдо бўлган.

Олма ота шаҳрида танганинг қадрсизланишидан норози бўлган одамлар ўтган дам олиш кунлари намойиш ўтказганди.

Бу мавзуда батафсилроқ