Нега қозоқлар Хитойга ижарага ер беришдан хавотирдалар?

Image caption Қозоғистонда ишлатилмай қолаётган далалар мўл бўлишига қарамай, ер эгалиги масаласи ўта нозик мавзу ҳисобланади

Қозоғистон деҳқончилик мақсадлари учун ўз ҳудудини Хитойга ижарага бериши мумкин. Бу ҳақида гапирган Президент Нурсултон Назарбоев хорижликларга ер ижара муддатини чўзиш вақти келганини айтган.

Бундан уч йил олдин мамлакатда Хитойга миллион гектар ер ижара берилиши мумкинлиги ҳақида чиққан хабарлар аҳолининг норозилик намойишларига сабаб бўлганди.

"Бу ижара-ку, нимадан қўрқамиз? Араблар, хитойликлар "бизга ижарага ер беринг, маҳсулот етиштирайлик," деб сўраяпти. Қўшнимиз Хитой энг ёмон шароитда ҳам гектаридан 30 центрдан ҳосил олади. Улардан нимамиз кам? Чунки илм ва технология ишламоқда. Биз бўлса экиб, кузда нима ўсиб чиқишини кутамиз", - деди жаноб Назарбоев.

Қишлоқ хўжалик соҳасида эксперт Сергей Букатов Қозоғистонда ишлатилмай ётган ерлар кўплигини айтади.

"Қозоғистонда Россиядагига ўхшаб ишлатилмай ётган ҳудудлар бор. Шунинг учун ижара масаласи олдин ҳам муҳокома қилинганди. Лекин жамоатчиликнинг кескин фикрларидан сўнг ушбу ғояни кейинга қолдиришди", - дейди жаноб Букатов.

Шоир ва сиёсий фаол Ўлжас Сулайманов маҳаллий телеканаллардан бирига берган интервьюсида Хитойга ерни ижарага бериш мамлакат учун фойдали бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

"Ўйлайманки, агар ҳукуматимиз Хитой билан соя ва рапс етиштириш бўйича шартнома имзоласа, бизга фойдали бўлади. Ушбу шартномада Қозоғистонда етиштирилган бу маҳсулотлар фақат Хитойда сотилиши кўрсатилиши керак. Бу хитойга ҳам, бизга ҳам фойдали. Чунки биз ўз ишчи кучларимизни иш билан таъминлаймиз, технология ва сармояга эга бўламиз", - дейди Сулайманов жаноблари.

"Мантиқсиз"

Бундан уч йил олдин Хитойга ерни ижарага бериш хабарлари чиққан вақти мухолифат ва жамоатчилик вакиллари Хитой элчихонасига норозилик нотаси топширган ва Олма-отада намойиш ўтказган эди.

Бу сафарги таклифдан сўнг эса ўша даврдаги каби норозилик ҳали кузатилаётгани йўқ.

Мухолифатдаги сиёсатчи Амиржан Қўсанов бу ҳолатни одамларнинг девалвация каби бошқа бир иқтисодий муаммо билан андармон бўлиб қолгани билан изоҳлайди.

"Биринчидан, халқ бу нарсага кўниккани йўқ. Иккинчидан, бу таклиф бошқа долзарб муаммо бўлган девалвация манзарасида янгради. Ҳозир халқ ўша муаммони муҳокама қилаяпти. Олма-отадаги сўнгги митинглар бундан дарак беради", - дейди жаноб Қўсанов.

Мухолифат Қозоғистон ишсизлик шароитда ва одамларга ер етишмаётган вақтда Хитойга ер бериш адолатдан эмаслигини айтади.

"Миллионлаб қозоғистонликларнинг ерсиз, уни ишлатиш ҳуқуқисиз ва ишсиз қолаётган бир маҳалда ерни бошқа бир давлатга ижарага бериш ҳақида гапириш мантиқсизликдир", - дейди у.

"Миллий хавфсизликка хатар"

Мутахассислар катталиги жиҳатидан дунёда 9-ўринда турувчи Қозоғистоннинг экин экишга яроқли ерлари ишчи кучи етишмаслигидан бўш ётганини айтишади.

Қозоғистоннинг жанубий минтақаларида иқлим ўхшаш бўлганлиги учун кўплаб ўзбекистонлик деҳқонлар келиб ишлайди.

Уларнинг аксарияти ерларни ижарага олиб ишлаётган қозоғистонликларнинг қўлида меҳнат қилишади.

Хитой бошқа давлатларда ҳам ерни ижарага олиб ишлатиши билан машҳур.

Расмий Пекин Аргентина ва Бразилияда 234 минг гектар ерни ижарага олиб соя етиштиради, Угандада 4 минг гектар, Камерунда 10 минг ерни гуруч етиштириш учун ижарага олган.

2013 йили Хитойнинг Украинада ҳам ерни ижарага олиши мумкинлиги ҳақида хабарлар чиққанди.

Лекин, мухолифатчи Амиржон Қўсанов Қозоғистон Хитойнинг девор дармиён қўшниси бўлгани учун ҳам уни бошқа давлатлар билан солиштирмаслик кераклигини айтади.

"Биринчидан, ушбу давлатлар Хитой билан қўшни эмас. Ўта яқин ва геосиёсат ва миллий хавфсизликка хатарли бўлган алоқаларга эга эмас. Иккинчидан, қозоғистонликларнинг ўзи ҳам ишсиз юрибди ва аввало уларни иш билан таъминлаш керак. Уларга ерни ижарага бериб узоқ муддатли ва арзон кредит бериш лозим. Муаммони шундай ҳал қилиш мумкин", - дейди у.