Ўшда "жиҳодга даъват этган" шахслар қўлга олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Суриядаги мужоҳидлар сафида қирғизистонликлар ҳам бўлгани айтилмоқда

Қирғизистон Давлат Миллий Ҳавфсизлик Хизмати Ўш шаҳрида олти нафар шахсни Суриядаги террорчи гуруҳларга аъзоликда гумони билан қўлга олди.

Хавфсизлик хизматининг матбуот котиби Рахат Сулаймановнинг маълум қилишича, Ўшда ўтказилган махсус амалиёт чоғида қўлга олинган шахсларнинг машинасидан қурол, ўқ - дори, қўлқоп ва ниқоблар топилган. Шахслар вақтинчалик сақлаш жойига олиб кирилиб, сўроқ қилинмоқда.

- Махсус амалиёт давомида Ўш вилоятининг олти фуқароси қўлга олинди. Қўлга олинган гуруҳ Бишкек ва Ўш шаҳрида террор ҳаракатларини амалга оширишга тайёргарлик кўрган. Уларнинг бир нечаси Сурияда махсус ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, Суриядаги урушга қатнашгани аниқланди. Қолганлари маҳаллий жиноий гуруҳ вакиллари бўлиб чиқди - деди Рахат Сулайманов.

Қўлга олинган шахсларнинг исми - шарифлари қисқартирилган ҳолда берилиб, энг каттасининг ёши 33, кичиги эса 21 ёшда айтилади. Уларнинг орасида Ўш вилояти масжидларидан бирининг имоми ҳам бор. Исми очиқланмаётган бу шахс, масжидга келган инсонларни жиҳодга даъват этганликда гумонланмоқда.

"Одамлар масжидда менга турли хил саволлар беришарди. Ҳозирги кунда ён атрофимизда, бошқа давлатларда, жумладан Сурияда бўлаётган воқеалар бўйича сўрашарди. У ерга жиҳодга борса бўладими каби саволларни. Мен эса уларга билганимча жавоб берардим", деди гумонланиб қўлга олинган масжид имоми.

Хавфсизлик Хизматлари тарқатган видеолавҳада, қўлга олинганлардан бири Суриядаги ҳарбий лагерлардан бирида тайёргарликдан ўтгани ва маҳсус буйруқ билан Қирғизистонга қайтиб келгани ҳақида сўзлаб беради.

- Мен 8 сентябрда Туркияга учиб борганман. Бизни у ерда биродарлар кутиб олиб, Суриянинг чегарасига яқин ерга олиб бориб қўйишди. Биз Сурияга кирганимизда Ал Бухорий жамоатидан икки одам келиб, бизни ўзини марказига олиб кетди. У ерда биз қурол отишни ўрганиш учун бир ой жисмоний тайёргарлик кўрдик. Иброҳим қўмондон бизга кўрсатма берди. У: “Қирғизистонга бориб пул йиғасизлар. Ярмини Сурияга юборасизлар, қолган ярмига автомат ва озиқ-овқат тўплайсизлар”, деди. Тўпланса 150-200 одам бўлиб, бир тоққа чиқиб, у ерда база қуриб, Қирғизистон ҳарбий қисмларига ҳужум қилишни ният қилгандик, - деди қўлга олинганлардан бири.

Сурияда ҳукумат ва муҳолифат орасида давом этаётган жангларда, таркиби сунний мусулмонлардан иборат бўлган мухолифатга кўмак кўрсатиш мақсадида Ўш, Боткен ва Жалолобод вилоятларидан сўнги вақтларда бир қанча фуқаролар кетаётганлиги тез - тезда айтилиб келинади.

Бу мавзуда батафсилроқ