Жириновскийнинг таклифи Қозоғистоннинг нотасига сабаб бўлди

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги Россия давлат думаси депутати, ЛДПР партияси раҳбари Владимир Жириновскийнинг Марказий Осиёни Россия таркибига қўшиб олиш таклифига расмий изоҳ сўраб Россия Ташқи ишлар вазирлигига нота юборди.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Жонболат Усеновнинг Би-би-сига маълум қилишича, нота матни 25 феврал куни Россия расмийларига юборилган.

23 феврал куни Россия давлат кенгаши аъзоси Владимир Жириновский митингда сўзга чиқиб Марказий Осиё давлатлари, жумладан Қозоғистонни ҳам Россия таркибига қўшиб олишга чорлаган.

“Жаноб Жириновкия расмий шахс саналади, у Россия Федерацияси Давлат думасининг депутати, йирик сиёсий партиянинг етакчиси ҳисобланади.

Бизнингча, бу каби юқори мартабали давлат мулозими жамоатчилик олдида гапларига жиддий ва масъулиятли ёндашиши керак.

Қайд этиш керакки, ушбу сиёсатчи бизнинг маамлакатимизга нисбатан қабул қилиб бўлмас гапларни биринчи марта айтаётгани йўқ”, - дейилади Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги веб саҳифасида чоп этилган хабарда.

Қозоғистон томони Россия Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қиларкан, ушбу чиқишга расмий беришни сўраган.

Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистон суверенитети ва ҳудудий бутунлигига бўлган ҳар қандай тажовуз Республика давлат органлари томонидан кескин тўхтатилишини билдирган.

Қозоғистон томони жаноб Жириновкийга нисбатан дипломатик чоралар кўриб чиқилаётганини маълум қилган.

Жириновкийнинг ушбу гаплари Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг ҳам махсус баёнот тайёрлашига сабаб бўлган.

Жириновский ўтган сафар ҳам шунга ўхшаш гаплари Қирғизистоннинг Россия Федерациясига норозилик нотаси юборишга ва дума депутатининг Қирғизистонда исталмаган шахслар қаторига киритилишига сабаб бўлган эди.

Россиядаги йирик ЛДПР партиясининг кескин гапларига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан бирор муносабат билдирилгани йўқ.