Путин энг кўп нимадан қўрқади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Кремл Януковични ҳануз Украинанинг қонуний президенти, деб билади

Россия Қримдаги русийзабон аҳолига Россия паспорти беришни осонлаштиргани ҳақидаги хабарларни рад этган.

Украин матбуоти Қримга ташриф буюрган Россия Думасининг МДҲ давлатлари бўйича қўмитаси раиси Леонид Слуцкийга иқтибосан шундай хабар тарқатганди.

Жаноб Слуцкий ўзини нотўғри тушунганликларини айтган, аммо Россия Думаси Украинадаги русийзабонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган чораларни муҳокама қилишини айтган.

Ғарб Москва Украинадаги бўлгинчиларни қўллаб-қувватлашидан жиддий хавотир билдирмоқда.

Хўш, Россия Украинадаги вазиятга тўғридан-тўғри аралашадими?

Би-би-си ушбу саволни россиялик таниқли ҳарбий эксперт Александр Гольцга берди.

Александр Гольц: Россия ҳарбийлари ҳозирнинг ўзида Қрим ва Севастополда мавжуд. Бу - Қора денгиз флоти. Агар ҳарбий аннекция, яъни бу ҳудудларнинг Россия томонидан куч билан қўшиб олиниши ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ҳарбий жиҳатдан ҳам, сиёсий жиҳатдан ҳам бориб турган телбалик бўлур эди. Агар Россия қайсидир кўринишда Қримнинг Украина таркибидан ажралиб чиқиш жараёнида иштирок этадиган бўлса, ўз-ўзидан халқаро майдонда яккамаҳов давлатга айланиб қолади. Россияни йирик саккизликдан чиқаришади ва Москва ғарбга ўз газини экспорт қилиш имкониятларидан маҳрум бўлади. Шунинг учун Россия раҳбарияти ўйлаб иш тутади, деб умид қиламан. Мен бундан беш йил аввал, Гуржистондаги воқеалар пайтида ҳам худди шундай фикрни айтган эдим, аммо афсуски, бунинг акси бўлиб чиқди. Мен Россия телевидениесининг Украина ҳақидаги лавҳаларини томоша қилган пайтим "ким кимни бошқараяпти ўзи", деб ўйлаб қоламан, тўғриси. Бутун бу Киселевлар, Соловьевлар телевизордан чиқиб олиб, бендерчиларнинг зўравонликлари-ю, русийзабонларнинг ҳуқуқлари ҳақида жазавага тушиб гапиришади. Улар Путиннинг буйруғини бажараяптими ёки бу жазава қайсидир даражада мамлакат раҳбариятини йўналтираяптими, билиб бўлмайди.

Би-би-си: Ғарб Путин Украинани бўлиб юборишга уринишидан жиддий хавотирда. Москванинг янги Украина раҳбариятини тан олмагани сизнингча нимани англатади?

Александр Гольц: Менимча, Россия Украинадаги бўлгинчилик кайфиятларини кучайтириш билан ўз ўйинини олиб боришга ҳаракат қилади. Аммо бу ўйиннинг ҳам чегараси бор. Бу чегара шундан иборатки, агар бу ҳудудлардан биронтаси Украинадан мустақиллигини эълон қилгудек бўлса, Россия буни тан олмайди. Агар тан олса, ҳали айтганмиздек, халқаро майдонда яккаланиб қолишга маҳкум.

Би-би-си: Сизнингча Путин нимадан кўпроқ қўрқади, Украинани йўқотишданми ёки у ердаги воқеаларнинг Россияда ҳам такрорланишиданми?

Александр Гольц: Менимча, ҳар иккаласидан. Чунки Путиннинг дунёга қараши шундайки, у халқлар ўз иродасини намоён қила олмайди, деб ишонади. Яъни унингча, халқлар ҳар доим ўз иродаларини кимнидир гижгижлаш мақсадида намоён қиладилар. Агар ҳукуматни бўлмаса, унда қудратли давлатларни. Буни сталинча дунёқараш, деб айтишингиз мумкин, аммо бу аслида 19-асрдаги "реал политик".Путин Украинада юз берган воқеалар ЦРУ, Давлат департаменти, МИ-6 ва ҳоказоларнинг фитнаси, деб ишонади. Шубҳасиз, Путин бу ҳийлакор душманлар Россияда ҳам шунга ўхшаш бир нарса уюштиришларидан хавотирда. Биз буни кеча россиялик мухолифатчиларга чиқарилган шафқатсиз маҳкама ҳукми ва ҳибсга олишларда яққол кўрдик. Бундан ташқари, Украина Путиннинг учинчи президентлик муддати учун устивор деб эълон қилган лойиҳаси - Овросиё Иттифоқи учун муҳим эди. Путин тарихга Россия империясининг тарқаб кетган ерларини бирлаштирган инсон сифатида киришни истайди. Аммо Януковичнинг кетиши билан бу лойиҳа ҳам тарихга кўмилди, деб айта оламиз.