Тожикистонда мардикорларга ҳайкал қўйиш таклиф қилинди

Тожикистонлик интернет фаоллар Тожик меҳнат муҳожирларига ҳайкал қўйишга чақирмоқда.

Тожикистон ҳукуматига қаратилган петиция Avaaz.com. сайтида эълон қилинган.

Бу мурожаатга ҳукумат қандай муносабат билдиришидан кўра, ижтимоий кампания бошлаш, у ёки бу масалага эътибор қаратиш муҳимлигини айтишган фаоллар.

Бундай тажриба дунё бўйлаб кенг қўлланилади. Ғарб давлатларида ҳукуматнинг эътиборини расман қаратиш учун катта миқдорда имзо йиғиш аксарият ҳолларда етарли бўлади.

Кампания тарафдорларидан бири тожикистонлик Исфандиёрга кўра, тожик мардикори ҳаммадан кўп эътиборга, ҳурматга лойиқдир.

"Миллиондан ортиқ мардикорлар Россияда ишлаб, уйларига пул юбориб, ички даромаднинг ярмидан кўпини ташкил қилмоқда.

Бундай ҳол бошқа ҳеч бир мамлакатда йўқ. Бу муҳожирларнинг пулисиз, мамлакатда миллионлаб кишилар оч қоларди. Муҳтожлик даражаси яна ҳам баланд бўларди", дейди Исфандиёр.

Мардикорлар бўлмаса, мамлакатдаги вазият ёмон бўлиб, тартибсизликларга ҳам айланиб кетиши мумкин эди.

Биз анча фаровон, тинч жамиятда яшаяпмиз. Бу- муҳожирларнинг хизмати, қони ва пешона тери билан Россияда ишлаб пул юбораётганларнинг меҳнати", деб ёзади тожик йигит.

Мардикорларга ҳайкал қўйишни ёқлаб ҳозиргача ўнлаб кишилар имзо чекишган.

Расмий ҳисобларга кўра, Россияда 2013 йил охирида рўйхатга олинган 1 миллиондан ортиқ тожик фуқаролари бўлган. Бу аҳолининг ишга яроқли 18-50 ёш оралиғидаги асосий қисми экани айтилади.

2013 йилда Россиядан тожик муҳожирлари юборган пул 2 миллиард 687 миллион долларни ташкил қилган.